Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда ислом дини дунё бўйлаб турли минтақаларда тарқалди. Турли араб бўлмаган халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки улар ўзларига Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларидан шариат ҳукмларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар.
Шундай қилиб, аста-секин одамларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажралиб чиқа бошлади. Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимлар бугунги кунда ҳам мавжуд бўлган тўрт фиқҳий мазҳабга асос солдилар. Улар ибодатлар ва бошқа барча масалаларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифга кўра маълум қоидаларга солиб чиқдилар. Манбанинг бойлиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим пайтларда бир амални турлича бажарганликлари, бу олимлар ишларида айрим жузъий фарқларни пайдо бўлишига олиб келган. Шунингдек минтақалардаги шароитларнинг турличалиги шариат масалаларида табиий тафовутларнинг юзага келишига асос бўлган.
Шофеъийлик мазҳабида таҳоратдан кейин юзни артиш макруҳ бўлса, Ҳанафийлик мазҳабида юзни артмаслик макруҳдир. Бунда улар тарқалган ҳудудларга назар соладиган бўлсак, Ҳанафийлик мазҳаби турли хил ўлкаларда, шофеъийлик кўпроқ иссиқ ўлкаларда илдиз отганлигига гувоҳ бўламиз.
Моликийлик ва шофеъийлик мазҳаблари тарқалган ҳудудларда таҳорат махсус идишда олинади. Таҳорат қилиш учун махсус идишга қўл тиқишдан олдин қўлларни тирсаккача ювиш, ушбу мазҳабларда суннат ҳисобланади. Махсус идишни таҳорат олувчи ўзидан ўнг томонга олиб ишлатиши ҳам суннат ҳисобланади.
Аёл ҳомиласи муддати минтақа иқлимлари сабабидан турлича бўлиши мумкин экан. Одатда ҳомила муддати олти ойдан тўққиз ойгача деб белгиланади. Ҳанафийлик маҳабида энг кўп муддат икки йил, Ҳанбалийликда тўрт йил ва Моликийлик мазҳабида эса беш йил деб белгиланган. Бундай тафовутларга сабаб эса минтақаларда шундай ҳолатлар кузатилганидир.
Хулоса қилиб айтганда, тўрт фиқҳий мазҳаблар юқорида таъкидлаганимиздек, баъзи жузъий масалаларда фарқ қиладилар холос. Бу иш ихтилоф эмас балки фиклар хилма-хиллигидир. Масалани ҳал қилишда афзал ва осон йўлни танлашга уринишдир. Айни пайтда бу кўпфикрлилик юксак одоб доирасида бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда йўлга қўйилган. Мунозара одоблари ишлаб чиқилган ва бу бобда китоблар ҳам битилган. Буларнинг ҳаммаси фикр ва сўз эркинлигининг самарасидир.
Ориф Аҳмедов
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси
Сирдарё вилояти вакиллиги ходими