Фарзанд Аллоҳ таолонинг бебаҳо неъмати бўлиши билан бирга, инсонга берилган улуғ омонати ҳамдир. Фарзанд тарбияси ота-онанинг зиммасига юкланган шарафли вазифадир. Солиҳ фарзанд оиланинг нури, қувончи ҳисобланади. Халқимизда “Болалик уй бозор, боласиз уй мозор” – деган нақл бор. Аллоҳ таоло ўз каломида шундай марҳамат қилади: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир” (Каҳф сураси, 46-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсон вафот топса унинг барча амали кесилади, фақат учта амали давом этади: садақаи жория, фойда олинадиган илм, унинг ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанд” (Муслим ривояти).
Шунингдек, фарзанд ҳам ўз ота-онасига ёшлигидан меҳрибон бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оталарингизга меҳрибон бўлинглар, шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр-мурувват кўрасизлар» – деб бежизга таъкидламаганлар.
Фарзанднинг камол топишида оила, маҳалла ва мактабнинг ўрни беқиёс. Абдурауф Фитрат айтганидек, «Фарзандларни одоб-ахлоқли, илмли, зукко, дину-диёнатли қилиб тарбиялаш бутун инсониятнинг гарданидаги вазифадир». Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча фарзандларни ота-онага яхшилик қилишга буюриб шундай дейди: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” (Анкабут сураси, 8-оят).
Жўраев Ҳусниддин
Мирзаобод тумани “Занги ота”
жоме масжиди имом-хатиби