Ислом таълимоти жамиятдаги барча инсонларнинг тинчлик, омонлик ва фаровонликда яшаб, дунё ва охиратда саодат аҳлидан бўлишлари учун лозим бўлган зарур йўл-йўриқларни баён қилган. Қуръони каримда инсон ер юзини обод қилиш учун Аллоҳ таолонинг халифаси этиб тайинлангани таъкидланган. Ер юзини обод қилишда эса бевосита иқтисодий омиллар муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, халқ фаровонлиги даражасини юқори поғоналарга кўтариш, кичик бизнес, оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорликни оммалаштириш ва тараққий топтириш, айниқса бу йил ўзгача касб этмоқда. Юртимиз тарихида тадбиркорлик қадим замонлардан буён алоҳида ўрин тутиб келади. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, – деб айтган чуқур маъноли сўзларини яна бир бор эслаб ўтиш ўринлидир.
Муҳтарам Юртбошимиз томонидан жорий йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” – деб эълон қилинишида ҳам пур маъно бордир. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида бўлганидек, диёримизда ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ишлари янада жадаллашиб, тараққиёт йўлига ўтмоқда. Зарур ҳуқуқий қонун-қоидалар тизими вужудга келтирилмоқда. Бир сўз билан айтганда, кишиларнинг шахсий мулкка эга бўлиш, турли соҳалардаги хусусий ишлаб-чиқариш корхоналарини ташкил қилиш, айниқса ёшларга иш ўринларини яратиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмонга касб-ҳунарни эгаллаш фарздир», – деб марҳамат қилганлар. Ҳаётда ўз ўрнини топиб яшаш, неъматларга шукр қилиш, улардан тежаб-тергаб, иқтисод қилиб фойдаланиш, ҳар биримизнинг муҳим вазифамиз эканлиги қуйидаги оятда баён қилинган: «Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас (Қасос сураси, 77-оят)«.
Ҳар бир инсон инъом этилган ақл-фаросати, зеҳн-идрокини, тадбир-ҳаракатини ишга солиши, ихлос-эътиқод ва яхши ниятлар билан тижорат, тадбиркорлик, ишлаб-чиқариш, деҳқончилик каби ҳалол касбу-ҳунар ва меҳнат орқали халққа, эл-юртга манфаат келтиришга ва ўз оиласини моддий таъминлашга интилиши лозим. Чунки касб-ҳунар, тадбиркорлик билан шуғулланиш шариат таълимотларига мувофиқдир. Зеро, бу ишларда ростгўй ва ҳалол бўлиш жуда муҳим. Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб: «Ростгўй ва ишончли тижоратчи жаннатда набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади» – деганлар.
Ботир Носиров
Ховос тумани “Ҳуснобод”
жоме масжиди имом хатиби