Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келган. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини “Ислом давлати” (ИШИД), “Жабҳат ал-Нусра” деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот ишлари кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Экстремизм (лотинча – “ақл бовар қилмас даражада”, “ҳаддан ошиш”) жамиятда қабул қилинган қонун-қоидаларга зид бўлган, кескин радикал қарашлар ва ҳаракатларни англатади.
Экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик йўли билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.
Терроризм–қўрқитиш ва зўравонлик ишлатишни англатувчи ижтимоий феномендир. Муайян мақсадларда жамиятда беқарорликни келтириб чиқариш ва аҳолининг кенг қатламларида ваҳима, қўрқув уйғотиш учун зўравонлик ишлатиш ҳисобланади.
Террорчиликнинг кўринишлари: қўрқитиш, даҳшатга солиш орқали мақсадни кўзлаш, тинч аҳолига тўсатдан ҳужум қилиш, айбни ҳукуматга ағдариш, айбдорларни судсиз қатл қилиш, қилмишларга ҳамма жавобгар экани билан оқлаш, бегуноҳларни ажратмаслик (аёллар, ёшлар, қария ва ногиронлар), қилмишидан роҳатланиш, ўзининг ҳақ эканига ишониш.
Қўшни мусулмон давлатларида юз бераётган ҳодисалар бизни хушёрликка чақиради. Дарҳақиқат, ушбу воқеалар ўз ҳаётимизга, ўз тақдиримизга ва келажагимизга жиддийроқ қарашимизни тақозо этмоқда. Биз ҳар қандай сохта шиорлар, баландпарвоз даъватлардан кўра кўпроқ ақл-идрокка, том маънодаги ислом тафаккурига таяниб иш тутишимиз лозим. Экстремизм ва терроризм-биз учун янгилик ҳам, айни пайтда тасодиф ҳам эмас, у йиллар мобайнида ривожланиб, такомиллашиб бораётган мудҳиш ҳодисадир.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, хушёр ва огоҳ бўлиб яшаш бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга, мусулмон сифатидаги диний масъулиятимиз, ҳар биримизнинг зиммамиздаги вазифамиздир. Шунинг учун доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга хушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз лозим. Аллоҳ таоло ҳаммамизга хайрли ишларда мададкор бўлсин.
Сирдарё вилояти бош имом-хатиби.
Устоз Ҳабибуллоҳ домла Зокиров