МУСТАҲКАМ ОИЛА – ЮРТ ТАЯНЧИ

Оила  –  инсоният  тарихининг  ҳамма  даврларида жамиятнинг  негизи  ҳисобланган.  Шу  маънода,  оилани  кичик  жамият  дейиш мумкин.  Ҳар  бир  инсон  ахлоқ-одоб  ва  ижтимоий  муносабатларни  оилада ўзлаштиради  ҳамда  шунга  мувофиқ  инсоний  фазилатларни  намоён  этади.

Баркамол инсонни шакллантириш, уни ҳаётга тайёрлаш  ва  эзгуликка йўналтириш оиланинг  муқаддас  вазифасидир.  Оила  мустаҳкам,  тинч,  ҳалол  ва  пок  бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга  келади.  Динимизда  оила  қуриб  яшаш  савобли  амаллардан  бири ҳисобланиб,  уни  қандай  ташкил  қилиш,  унинг  бошлиғи  ким  бўлиши, аъзоларининг  ҳуқуқлари,  фарзандлар  тарбияси,  аъзолари  ўртасида  чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш  каби  оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб  берилгандир.  Аллоҳ  таоло  оила  қуриб  яшаш  инсоний  фитратга  мувофиқ эканини эслатиб, шундай марҳамат қилган: Сизлар  эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфтжуфт қилиб яратдик (Зориёт сураси, 49-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оила қуришга тарғиб қилиб, шундай деганлар: “Никоҳ  менинг  суннатимдир.  Ким  мени  суннатимга  амал  қилмаса мендан  эмас.  Турмуш  қуринглар!  Зеро,  мен  қиёмат  куни  сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман” (Имом Ибн Можа ривоятлари). Оилавий  ҳаёт  кечириш  динимиз  кўрсатмаларига мувофиқ  бўлса, у ҳақиқатда мустаҳкам ва бардавом бўлади.  Бугунги кунда  жума марузалари, давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситалари ва турли тадбирларда оиланинг  муқаддаслиги,  уни  асраб  авайлаш  зурурлиги,  эр-хотиннинг  ўзаро  ҳақ-ҳуқуқлари  каби  оилага  боғлиқ  масалалар  ҳақида  суҳбатлар  олиб  борилмоқда. Лекин  минг  афсуски,  жамиятда  оилавий  ажримлар  тез-тез  учраб  турибди.  Бу ажримларнинг ўзига яраша сабаблари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

 Эр-хотин  ўзаро  бир-бирларининг  ҳуқуқ  ва  мажбуриятларини

билмасликлари.  Ҳозирги  кунда  эр-хотин  ҳақ-ҳуқуқлари  борасида  ёзилган

адабиётлар  кўп  бўлиб,  улардан  албатта  оила  қуриш  арафасидаги  ёшлар фойдаланиши  зарурдир.  Демак,  ҳар  бир  ота-она  тўйдан  олдин  фарзандларининг фақат  моддий  жиҳатларига  эмас,  балки  маънавий  дунёси,  диёнати,  тарбияси  ва одоб-ахлоқига  кўпроқ  эътибор  бериши  лозим  ва  лобуддир.  Бу  ҳақда Пайғамбаримиз  саллаллоҳу  алайҳи  васаллам  машҳур  ҳадисларида  шундай марҳамат қилганлар:  “Ота  ўз  фарзандига  яхши  одобдан  кўра  афзалроқ  нарса  ҳадя  қила олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).  Шундай  экан,  ҳар  бир  ота-она  никоҳдан  олдин  фарзандига  оила муқаддаслиги, ҳаёт қийинчиликларига бардошли бўлиш кераклиги, оила аъзолари бир-бирларига  ҳурмат  билан  муносабатда  бўлиши,  қайнона  ва  қайноталарнинг хизматларини  қилиб,  дуоларини  олиш  улкан  савоб  эканлиги  каби  насиҳатларни қилишлари зарурдир.

  Эр-хотинларнинг  ўзаро  муносабатларида  сабр-тоқат  ва  ўзаро бағрикенгликнинг  етишмаслиги  оиланинг  бузилиш  сабабларидан  биридир.

Ҳаёт  жуда  мураккаб  жараён  бўлиб,  унда  турли  ҳолатлар  учраб  туради.  Гоҳи шодлик, гоҳи ғам деганларидай оилада эр ва хотин ўртасида ҳам турли сабаблар ила  келишмовчиликлар  бўлиб  туради.  Шошқалоқлик,  жаҳлнинг  тез  чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидириш  оилавий муносабатларга путур  етказади.  Шуни  айтиб  ўтиш  жоизки,  эр  хотинининг  бир  ёмон  хулқидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмасин.  Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Улар  билан  тотув  турмуш  кечирингиз.  Агар  уларни  ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар  учун)  кўпгина  яхшилик  пайдо  қилиши  мумкин”  (Нисо  сураси,  19-оят).

  Эр-хотин  ҳаётига  ота-оналарнинг  ноўрин  аралашуви.  Мана  шу нарса  ҳозирги  кундаги  ёш  оилаларнинг  бузилишига  энг  катта  сабаблардан  бири

бўлмоқда.  Ёш  оилалардан  кўпинча  “мен  аёлим  билан  яхши  муносабатдаман, лекин  ота-онам  келин  билан  муроса  қилолмаяпти”,  –  деган  гапларни  эшитамиз. Ҳатто,  фарзандига:  “Келинга  жавобини  бермасанг  сени  оқ  қиламиз”,  –  деб айтаётган  ота-оналар  ҳам  бор.  Минг  афсуслар  бўлсинки,  талоқнинг  келиб чиқишига  кўп  ҳолларда  талоқнинг  олдини  олиши  керак  бўлган  шахслар  –  ота-оналар  сабабчи  бўлиб  қолишмоқда.  Шуни  яхши  билиш  лозимки,  ота-она фарзандини  аёлига  талоғини  беришга  мажбурлашга  ҳаққи  йўқ.  Аксинча,  ёши катталар  ёшларни  сабр  ва  шукрга  чақириб,  оилани  сақлаб  қолишга  тарғиб қилишлари  керак.  Ҳар  бир  мусулмон  фарзанд  ота-онасини  рози  қилиш  учун қўлидан  келган  барча  яхшиликларини  қилиши  шарт.  Аммо  ота-онаси  хоҳламай қолган, лекин рисоладагидек аёлни талоғини бериш мумкин эмас. Балки уларнинг ўртасини  ислоҳ  қилиб,  адолат  билан  иш  тутиб,  оиласини  сақлаб  қолиш  айни муддаодир.  Чунки,  Аллоҳ  таоло  чин  мўмин-мусулмонларни  Қуръони  каримда шундай таърифлаган:  “Албатта,  мўминлар  динда  ўзаро  биродардирлар.  Бас,  сизлар  икки биродарингиз  ўртасини  тузатиб  қўйингиз  ва  Аллоҳдан  қўрқингиз,  шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

БОТИР НОСИРОВ

Ховос тумани “Ҳуснобод” жоме

 масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.