Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Диний идора бўлим мудири Исломиддин Зуҳриддинов ва Идора Масжидлар билан ишлаш бўлими масъул ходими Дилмурод Раҳимов ҳамда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров вилоятда фаолият юритаётган имом ноиблар билан учрашув ўтказди.

Ўзаро мулоқотда Ўзбекистонда диний соҳадаги ислоҳотлар, дунёдаги гиосиёсий жараёнлар, ёт оқимлар хатари, имомлар масъулияти, илмнинг фазилати, имомлик шарафи юзасидан сўз юритилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов Сирдарё вилоятида охирги йилларда диний соҳада кўплаб натижаларга эришилгани баробарида ҳали тизимда кўплаб қилиниши лозим бўлган ишлар борлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, мазкур жараёнда баъзи имом-ноиблар фаолиятида камчиликлар кузатилаётганини ҳам айтиб ўтилди.

Учрашувда Сирдарё вилоятида фаолият юритиб келаётган имом ноибларнинг билим ва малакаларини ошириш, халқимиз ўртасида маънавий-маърифий соҳадаги ҳиссасини юқори савияга етказиш, соҳа вакиллари фаолияти давомида дуч келаётган муаммо ва камчиликларни биргаликда бартараф этиш масалалари кўрилди.

Шу билан бирга, яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойига пухта тайёргарлик кўриш, масжидлардаги ободончилик ишларига эътибор қаратиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.

Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan