Истиқлол шарофати ила миллий ва диний қадриятларимизга эркинлик берилиб, Рамазон ойи, Рамазон ва Қурбон ҳайити каби ибодат ва маросимларни мукаммал адо этиш, фазилатли кунлар шарофатидан кенгроқ баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлдик. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ инсоннинг маънавий камолоти билан боғлиқ миллий-диний қадриятларни тиклашга умумдавлат аҳамиятига молик устувор йўналиш сифатида қаралди.
Инсонни камолот сари етакловчи миллий ва диний кадриятларимиздан бири Рамазон ойи билан боғлиқ маросимлардир. Бу ойда тутиладиган рўза амали инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу фазилатларни касб эттан инсон эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта олади. Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини турли ғуборлардан тозалайди. Рўза инсон соғлиғига катта фойдаси бор ибодатдир. Зеро, Расулуллоҳ (с.а,в.): “Рўза тутинглар, соғлом бўласизлар”, — деганлар. Бу ҳикматли сўзнинг ҳақ экани ҳозирги замон табобати томонидан ҳам исботлаган.
Бу ойда бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар ҳам бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар. Зеро, кечиримли ва меҳр-шафқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Ўтказиладиган ифторликни оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда, ҳар бир оиланинг имкониятидан келиб чиқиб, ниҳоят даражада иқтисод ва тежамкорлик билан ўтказиш эса шариатимиз руҳига мос тушади. Шунингдек, рўзадор киши кам таъминланган оилалар, етим есирлар, бева-бечоралар ва беморларга имкон қадар ёрдам бериши, улардан ўзининг меҳр-оқибат тафтини аямаслиги керак.
Моҳи Рамазонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар жуда катта ажр-савобларга эришади. Рамазон ойида Аллоҳ таоло фарз қилган рўза тутилади, масжидларда таровеҳ намозлари адо этилади, хатми Қуръон ўқилади.
Рамазон – Қуръон ойи. Аллоҳ таолонинг каломи айнан шу ойда нозил бўлган. Ҳақ таоло бундай дейди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185).
Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳи маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Пайғамбаримизга индирилган.
Рамазон — хайр-саховат ойи. Пайғамбаримиз бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар.
Рамазон инсонларни ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга, кексалар ва беморлар, яқинлар ҳолидан хабар олишга, муҳтожларга хайр-саховат қилишга чақиради. Шу орқали шахсда меҳрибонлик, хокисорлик, бағрикенглик фазилатларини тарбиялайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “…Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (“Саба” сураси, 39-оят). Бинобарин, карамли инсон ҳеч қачон зиён кўрмайди, мол хайр-эҳсон қилиш билан камаймайди, балки савоб кўпаяди, Рамазон баракотидан исломий шахсият тўкис бўлади.
Ушбу саодатли кунларда Мустақил Ватанимиз истиқболи порлоқ, тинчлиги ва осойишталиги бардавом, ҳалқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлиши, оилаларимизнинг маънавий камолоти, фарзандлар баҳт-саодати, уларнинг ҳар томонлама етук, одоб аҳлоқли Ватани, Ҳалқи, Дину-диёнатига садоқатли инсонлар бўлиб камол топишини Яратгандан сўраб қоламиз.
Сайхунобод туман “Абдуолим ота”
жоме масжиди имом-хатиби:
Охунжо домла .Восиев.