Аллоҳ Қуръони каримда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик, ҳамда бир – бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни ( турли – туман) халқлар ва қабила (элат) лар қилиб қўйдик…” , – дейилган.(Ҳужурот сураси, 13 – оят).
Ҳурматли устозимиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг “Қардошлик мустаҳкамланиши уммат бирдамлигига хизмат қилмоқда” мақоласини оиламиз, қўни – қўшнилар, маҳалламиз фуқаролари даврасида ўқиб, фикрлашдик.Ушбу мақола Яратганимизни, кимлигимизни ёдимизга солди.Олис болалик хотираларимизни қайта жонлантирди.Кечаги, бугунги ва келгусида қилинажак амалларимизни ислоҳ қилиб олишимиз зарурлигини яна бир бор эслатиб қўйди.
Дарҳақиқат, биз киммиз, бандалар нимаси билан бир – биридан фарқланади, мусулмоннинг бир –биридаги ҳақлари ва бурчлари, қўшничилик муносабатлари каби масалалар бугунги куннинг энг долзарб, динимиз равнақи, тинчлигимиз бардавомлиги йўлидаги тарғиботимизнинг бош мавзуси бўлиб турибди.
Гулистон шаҳридаги “Боғишамол” маҳалласи ҳам кўп миллатли маҳаллалардан бири ҳисобланади.Бу ерда қозоқ миллати вакиллари ҳам аҳил – иноқликда умр кечириб, илм – фаннинг турли соҳаларида фаолият юритиб келишаяпди.Маҳалладаги жамоат ишларида, инсонгарчиликнинг яхши – ёмон кунларида барча миллат, элат вакиллари қатори қозоқ биродарларимиз билан ҳам бирга, ҳамфикр, ҳамжиҳатмиз.
Халқимиз орасида азалдан қозоқ лар билан қуда – андачилик, тоға – жиянлик ришталари боғланган бўлиб, ҳозирги кунда ҳам бу анъана давом этиб келаяпди.Қозоқ қизларимиз ўзбек хонадонига келин бўлиб тушаяпди, ўзбек йигитлари қозоқ оиласининг куёви.Қудачилик минг йилчилик деганларидек, бу ришталар мустаҳкам дўстлик, биродарлик ришталари бўлсин.Икки дунё саодатига эриштирувчи ришталар бўлсин.
Муяссар Ҳасанова
Гулистон шаҳар, “Боғишамол” маҳалласи отинойиси