«Алдагани бола яхши»ми?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари Авф ибн Молик розияллоҳу анҳуга: “Эй Авф ибн Молик, агар сенинг икки хизматкоринг бўлиб, улардан бири сенга хиёнат қилса, ёлғон сўзласа, бошқаси эса тўғри сўзлаб, хиёнат қилмаса, улардан қай бири сенга суюмлироқ?” деб сўрадилар. Авф деди: “Тўғри сўзлаб, хиёнат қилмайдигани”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар ҳам Парвардигорингиз ҳузурида шундайсизлар”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аҳзоб сурасининг 70-71 оятларида марҳамат қилиб айтади:

“Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ таоло) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, улуғ бахтга эришибди”.

Ёш болаларимизга гўдакликларидан алдовни ўргатмайлик, чунки ҳар бир гуноҳни ким бошлаб берса, уни давом эттирганнинг гуноҳи ўша бошлаб берганга бўлади.

Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар. Менга ёшлигимда бир куни онам: “Эй Абдуллоҳ, буёққа кел мен сенга бир нарса бераман”, дедилар. Шунда бу ҳолатни кузатаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онамга дедилар: “Унга нима бермоқчи эдинг?” Онам: “Хурмо бермоқчи эдим” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар ўша хурмони бермаганингда сенга бир ёлғон ёзилар эди”, деб марҳамат қилдилар.

Оналарга фарзандингизга ёлғонни ўргатманг ёлғончи бўлиб катта бўлади дейилса. Бу бола ҳали ақли ҳеч нарсани олмайди ёки ҳеч иложи йўқ “алдагани бола яхши дейилган” шундай қилмаса, болага гап тушунтириб бўлмайди, деб бир нечта баҳоналарни рўкач қиладилар.

Агар болангизга ҳар вақтики ёлғон гаприсангиз у болага битта касал юқаверади десангиз ёки шундай бўлганида ҳар бир она кейин ўйлаб гапирарди. Қаранг бу дунё қийинчиликларидан қўрқамиз-у, аммо ҳеч ким ёрдам беролмайдиган Қиёмат кунидан қўрқмаймиз.

Хожа Аҳмад Яссавий ўзларининг ҳикматларида шундай байтларни келтирадилар:

“Ал каззабу ла уммати” деди, билинг Муҳаммад,

Ёлғончилар қавмини уммат демас, Муҳаммад.

Тўғри юрган қулини, излаб Ҳақнинг йўлини,

Рост юрган қулини уммат дегай, Муҳаммад.

Ҳар ким умматман деса, Расул ишин қўймаса,

Шафоат куни бўлса, маҳрум қўймас, Муҳаммад.

Тангри таоло сўзин, Расулуллоҳ суннатин,

Инонмагон умматин, уммат демас, Муҳаммад.

Умматман деб юрурсан, буйруғини қилмассан,

Нечук умид тутарсан, анда сўрмас, Муҳаммад.

Мушкулдур осий банда, уммат демаса анда,

Расво ўлур Машҳарда, уммат демас, Муҳаммад.

Уммат дегай Муҳаммад, чин сўзласа қул Аҳмад,

Тонгла бўлса қиёмат, маҳрум қўймас, Муҳаммад.

Аллоҳ таоло ёлғон гапирувчилар ҳақида шундай дейди:

“Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир”. (Наҳл сураси, 105-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин қўрқоқ бўладими?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин бахил бўладими?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин ёлғончи бўладими?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ”, дедилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас” (Раъд сураси, 11-оят).

Бизлар ибрат оладиган ота боболаримиз қандай ростгўй инсонлар эдилар. Токи бизлар ўзимизни ўзгартирмас эканмиз Аллоҳ таоло жамиятимизни аҳволини яхшиламайди.

Улуғбек ҚОБИЛОВ
Сирдарё тумани “Аҳмад ибн Малик” жомеъ масжиди имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan