Саховат – шукр аломатидир. Дарҳақиқат саховат ва сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ демасдилар. Саховат ва сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Aллоҳ таоло саховат ва сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган: Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди бир дона донга ўхшайдир. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқадир, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи Зотдир. (Бақара сураси, 261-оят).
Роббимиз ўз бандаларини доимо хайру-саховатли бўлишга буюради. Саховат ва сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилатдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Донолар айтганидек, “Aқлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”.
Пайғамбар алайҳиссалом қўли очиқ ва саховатли киши бўлиб, ул зотнинг ўзлари умматларини ҳам сахийликка қизиқтириб, шижоатлантирган ҳолда шундай дердилар: “Сахий киши Аллоҳга яқин, инсонларга яқин, жаннатга яқин бўлади. Бахил киши Аллоҳдан узоқ, инсонлардан узоқ, жаннатдан узоқ, жаҳаннамга яқин бўлади”. (Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Aллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, саховатли ва сахий кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган.
Нисо сурасининг 40-оятида шундай марҳамат қилади: Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур. (Нисо сураси, 40-оят).
Aллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин,! Омин.
Абдумуталлиб ХОЖИЕВ
Сардоба тумани “Пахтаобод”
жоме масжиди имом-хатиби