Исроф қилманг!

Халқимиз тўй ва турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Динимизда одамларга хушмуомалада бўлиш ва уларга таом улашиш савоби улуғ ишлардандир. Лекин тўй маросимларни меъёридан ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказсак, нур устига нур бўларди.
Қадимдан катта бир хурсандчилик бўлган тўйни ҳозирги кунда ўзимиз катта ташвишга айлантирдик. Тўйга қўшимча маросимлар , ҳар хил сарполар, ўнлаб тоғора-ю саватлар қўшдик. Машаққат ва ҳамма нарсадан тежаш эвазига йиллаб йиққан молни ном чиқариш мақсадида бир кечада совуришга ўргандик. Аслида динимиз енгиллик дини. Бандаларнинг қийналишини хоҳламайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: “…Исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”.(Анъом сураси, 141-оят)
Ҳа, Аллоҳ таоло исроф қилувчиларни севмайди. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ва пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимни дабдабали, серчиқим қилиш мақтанишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида айтганларидек: “Аллоҳнинг ноз-неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад, Насаий, Ибн Можжа ривоятлари).
Аллоҳ ризқ қилиб берган неъматларни исроф қилмай, ҳаддимиздан ошмай, озми кўпми берилган умримизни сарҳисоб қилсак, исрофгарчиликнинг жабрини тортишга мажбур бўлмасмидик?!
Шундай экан, келинглар, тўйларимиз қандай бўлишидан қатъий назар, исрофгарчиликка йўл қўймайлик! Аллоҳ таоло бизларни барча ишларда, шу жумладан, исрофгарчиликдан қайтишда ҳам тўғри йўлга бошласин!

 

                     Соҳибахон ЮНУСОВА
Боёвут тумани “Анорзор”
МФЙ отинойиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan