Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

«Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, унда рўза тутсин» деб марҳамат қилиб, Рамазон ойининг рўзасини сизу бизга фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

‎«Кимки Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади» деган башорат билан сизу бизга Рамазон кечаларини қоим қилишни суннат қилиб берган жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлари бўлсин!

Муҳтарам дин қардошларимиз, азиз юртдошларимиз!

Барчангизни, бутун Ислом оламини тақво ва Қуръон ойи бўлмиш Рамазони шариф кириб келгани муносабати билан самимий қутлаб, чин қалбдан табриклашга ижозат бергайсиз!

Ўн бир ойдан буён орзиқиб кутилган, шу ўн бир ойнинг султони бўлган моҳи Рамазон кириб келди, қалбларимизга сурур бағишлаб, иймонимизни зиёда қилувчи, гуноҳларимизни тўкиб, руҳимизни сайқалловчи ибодат ойи кириб келди. 

Бу ой – чинакам Ислом ойи, иймон ойи, Қуръон ойи, сабр ойи, ибодат ойидир. Бу ойда жаннат дарвозалари ланг очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанбанд қилинади. 

Бу ойда мусулмонларнинг хайру саховати, меҳр-муруввати ҳар қачонгидан кўра жўшиб, ҳимматлари юксалиб, шижоатлари тўлқинланиб кетади. Шунинг учун Рамазонда мўмин-мусулмонлар орасидаги меҳр-оқибат, аҳиллик, биродарлик, бағрикенглик туйғулари янада мустаҳкамланади.

Бу ойда курраи заминга бутун борлиқдан раҳмат нурлари, мағфират нурлари ёғилади, чунки файзли Рамазон оқшомларида масжидларимиз тўлиб-тошиб, таровеҳ намозларида хатми Қуръонлар ўқилади.

Бу ойда ер юзига баракот ёғилади, чунки Рамазони шарифнинг имтиёзларидан фойдаланиб, ажру савобларни минглаб чандон ошириб олиш ниятида закот, фитр, фидя каби молиявий ибодатлар, садақалар, хайру эҳсонлар кўпроқ айнан шу ойда адо этилади, Аллоҳ таолонинг синовида матонат кўрсатаётган муҳтожлар, кўнгли яримлар, ризқи тор мўминларга меҳр-мурувват кўрсатилади, беморлар, нуроний отахон-онахонлар зиёрат қилинади, аразлашганлар яраштирилади.

Аллоҳ таоло баракотлар ёғдираётган саҳарларда ҳамма бедор, саҳарлик дастурхони атрофида тўпланиб, ибодатга қувват тўплайди. Жазирама ёзнинг иссиғида тобланиб, кечгача нафси билан муросасиз жиҳод қилган мўминлар ифторлик дастурхонига жамланадилар, кундузги ибодатларини Аллоҳ таолога тақдим этиб, тунги ибодатга – Каломуллоҳнинг хатмида намозда қоим бўлиб, кечаси қоим бўлишга киришадилар.

Бир ойлик эртаю кеч қилинган ана шундай қизғин ибодатларга мукофот ўлароқ, гуноҳларимиз мағфират қилинади, айбу нуқсонларимиз кечирилади. Шунинг учун бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, ниҳояси эса дўзахдан нажотдир.

Ана шундай иймон байрами, Қуръон байрами бўлмиш бу файзли ой барчамизга муборак бўлсин, азизлар!

Аллоҳ таоло моҳи Рамазоннинг шарофати билан, саҳарлигу ифторларда қилинган холис дуоларимиз баракоти билан эл-юртимизни тинчу хотиржам қилсин, иймон эътиқодимизни мустаҳкам қилсин, ҳаётимизни баракотли, дастурхонимизни тўкин-сочин қилсин, буюк алломалар юрти бўлмиш жаннатмакон Ватанимизнинг келажаги иймон нури билан мунаввар бўлсин!

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan