Аллоҳ таолога ёлвориб дуо қилайлик!

Ҳар куни дунё бўйлаб одамлар коронавирусдан қанча одам вафот этгани ҳақидаги хабарларни хавотир билан кузатишмоқда. Иқтисодий жиҳатдан ривожланган қудратли мамалакатлардан тортиб, аҳолиси кам бўлган кичик давлатлар ҳам бу касалликка қарши кескин курашмоқда. Афсуски, бу вабо инсониятни миллати, ирқи, яшаётган ҳудудига қарамасдан тарқалмоқда. Айрим минтақаларда дори-дармонлар, кундалик истеъмол маҳсулотлари билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлмоқда. Бу вазиятда мусулмон одам ўзини қандай тутиши керак. Динимизда бунга доир етарлича кўрсатмалар бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вабо бало ёки азобдир. Уни Бани Исроилга ёки сиздан олдин ўтган кимсаларга юборилган эди. Қачон унинг бирор ерда пайдо бўлганини эшитсангиз, у ерга бормангиз. Агар у сиз турган ерда воқеъ бўлса, ундан қочиб у ердан чиқмангиз», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган
Ҳадиси шарифда хасталик пайдо бўлганда мусулмонлар жамоаси у ерга бормаслиги, агар хасталик тарқалган худудда бўлса у ердан чиқмасликка буюрилмоқда. Бу Ислом томонидан 14 аср аввал жорий қилинган карантин чорасидир.
Афсуслар бўлсин, хозирги кунда бу балони жиддий қабул қилмаётганлар учраяпти. Тўғри, тушкунликка, ваҳимага тушиш керак эмас, лекин бу эҳтиёт чораларини кўрмасдан ўзини жар ёқасига ташлаш керак дегани ҳам эмас. Вабо тарқалганда тиббиёт мутахассислари нимани тавсия этаётган бўлса, шунга амал қилиш, эҳтиёт чораларини кўриш шариат томонидан ҳам қўллаб қувватланади. Ҳозирги ҳолатда юзга ниқоб тақиб юриш, заруратсиз уйдан чиқмаслик, мабодо кўчага чиқиб келса, қўлларни ва юзларни ювиш, жамоат жойларидан узоқроқ бўлиш айни шариатга мувофиқ амал қилиш ҳисобланади. Бу ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам агар акса урсалар, оғизларига қўлларини ёки кийимларининг бир учини қўярдилар ва овозларини пасайтирардилар ёки беркитардилар”. (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Коронавирус туфайли юртимиз ва кўплаб дунё мамлакатларида миллионлаб одамлар уйларида эртаю кеч қўноқ топган. Бу кўпчилик билан ишлаб ўрганган кишилар учун осон бўлмаётгани тайин.
Айни вақтларда ҳамма оила аъзолари уйда бўлганликлари сабабли ҳар бир оилага қуйидагилар лозим бўлади:
Оила аъзолари бир жойга жам бўлгани сабабли ўзаро жипслик, ёрдам, муҳаббат ҳамда уларнинг маслаҳалатидан кўпроқ фойдаланиб қолиш;
Тарбия томонга катта эътибор қаратиш, иймон ва таваккул фазилатларини сингдириш, шу билан бир қаторда касалликдан сақланиш сабабларини тутиш ҳамда Аллоҳ таолога ёлвориб дуо қилишга аҳамият қаратиш;
Хайри-эҳсон ва яхшилик улашиш ила раҳмдилликка ундаш ва бу ишларда мусобақалашишга тарғиб қилиш;
Қуръони каримни тиловат қилиш, набавий ҳадислардан ўқиш ва бошқа фойдали китобларни ҳам мутоала қилиш;
Зикр ва дуоларни, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловатни, шунингдек, истиғфор, тасбеҳларни ҳамда дуоларни кўпайтириш;
Ҳозирги карантин вақтида бўш вақтимизни ғанимат билиб кўплаб ишларни қилиш имконига эгамиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўп одам уларни бой бериб қўяди: соғлиқ ва бўш вақт” (Саҳиҳ ал-Бухорий 6049).
Азизлар, бўш вақтимиздан унумли фойдаланиб бир-биримизга елкадош бўлайлик! Қўлимиздан келган барча эҳтиёт чораларини кўриб, қолганини Аллоҳ таолога таваккал қилайлик, ҳар хил васваса ёки ёмон гумонларнинг қурбонига айланмайлик! Бирлашайлик, ҳукумат томонидан қандай тавсиялар берилаётган бўлса, астойдил амал қилайлик. Шунда Аллоҳ таолонинг изни ила бу иллатнинг тарқалмаслигига ҳисса қўшган бўламиз.
Аллоҳ таоло бу балони инсониятдан Ўзи кўтарсин. Барчамизни Ўз ҳифзида сақласин. Касалларимизга мукаммал шифо берсин!

Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ
Сирдарё вилояти бош имом хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan