Ўлкамизга ойларнинг саййиди, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, фазилати билан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюрди. Яхшиликлар, савоблар кўпайтирилиб бериладиган ушбу ойда барча солиҳ амалларни шариъат кўрсатмасига мувофиқ адо этишимизни Аллоҳ насиб этсин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят). Ушбу оят билан рўза тутиш биз ислом умматига фарз бўлган. Бундан ташқари рўза тутиш ислом умматидан олдинги умматларга ҳам фарз бўлганлигини маълум қилмоқда. Пайғамбаримиз (а.с.) Мадинаи мунавварага келганларида Иброҳим халилуллоҳ суннатларига кура ашуро кунида ва ҳар ойда 3-кун рўза тутардилар ва саҳобалар ҳам шундоқ қилардилар. Аллоҳ таоло ислом умматига рамазон рўзасини фарз этгач, ашуро рўзаси ихтиёрига айланди. Бу хусусда Расулуллоҳ (с.а.в.) “Ашуро рўзасини хоҳлаганлар тутсин, хоҳламаганлар тутмасин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Савм сўзининг маъноси билан танишайлик “Савм” луғатда бир нарсадан узини тийишдир. Шариъатда эса тонгдан кун ботгунга қадар емоқ, ичмоқ ва жимоъдан ўзини тиймоғликдир. Рўзамизни баркамол бўлиши ва Аллоҳнинг даргоҳида мақбул бўлиши эса муқаддас динимиз рўзадор кишига манъ этган нарсалардан ўзимизни тиймоғлигимиз билан бўлади.
Муборак рамазон ойи шундай бир улуғ ойки у ойда инсонларни ҳақ йўлга бошлайдиган Аллоҳнинг каломи Қуръони карим нозил бўлган. “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, ( тута олмаган кунларнинг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир ( ҳамду сано ) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”. (Бақара сураси, 185-оят). Ушбу улуғ ойни муборак ва раҳмат ойи бўлишига сабаб Алллоҳнинг каломи нозил бўлишлигидир. Бизни эса ўзлигимизни тан олишимиз Яратган парвардигоримизни тан олиб имону исломга мушарраф бўлишимизга ҳам Қуръони карим сабаб бўлган. Бу ойда бизларни иккита нур қамраб олган у нурлар, муборак рамазон нури ва Қуръон нури. Ривоятларнинг бирида Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)га айтди, мен Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматига иккита нур ато этдим токи улар иккита зулматдан нажот топмоқлари учун. Мусо (а.с.) айтдилар эй Яратгувчим у иккита нур қайси нурлар? Аллоҳ айтди рамазон нури ва қуръон нури. Мусо (а.с.) айтдилар эй Яратгувчим у иккита зулмат қайси зулмат? Аллоҳ айтди қабр зулмати ва қиёмат зулмати. Шунинг учун биз бу ойнинг қадрига етсак ва ҳурматини жойига қўйсак, яъни кундузларни соим ва кечаларни қоим ўтқазсак, ҳамда қўлимиздан келганча бир-биримизга яхшилик қилсак. Юқоридаги айтилган нурларга эга бўламиз ва қабр зулматидан, қиёмат зулматидан нажот топган бўламиз. Худо хоҳласа. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларнинг бирида: “Рамазон ойнинг кечаларида Аллоҳ таоло айтар экан: Ким бизни дуст тутади биз ҳам уни ўзимизга дуст тутайлик, ким бизга интилади биз ҳам унга интилайлик, ким биздан гуноҳларини мағфиратини сурайди биз унинг гуноҳларини мағфират қилайлик муборак рамазон ҳурматидан”, деганлар.
Салмон розиаллоҳу анҳудан ривоят бўлган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шаъбон ойининг охирги кунида саҳобаи киромларга қарата хутба уқидилар ва марҳамат қилиб айтдилар: “ Эй инсонлар сизларга бир улуғ ва муборак ой кириб келмоқда, бу ойни ичида бир кеча бор (қадр кечаси) у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз ва кечалари қоим туришни суннат қилди. Кимки бу ойда бир савобли амални бажо келтирса гуёки бошқа ойларда бир фарз амални адо қилган билан баробардир. Кимки бу ойда бир фарз амални адо қилса гуёки бошқа ойларда 70-фарзни адо қилган билан баробардир. Бу ой сабр ойидир, сабрни жазоси эса жаннатдир. Бу ой яхшилик қилиш ва кунгул овлаш ойидир.” Шунинг учун бир-биримизга яхшилик қилайлик, бир-биримизни қувонтирайлик, бир-биримиздан рози бўлайлик, бева-бечораларга мурувват кўрсатайлик. “Бу ойда муъмин бандани ризқи зиёда қилинади.” Буни гувоҳи бўламиз, ифторлик вақтида ҳар биримизнинг ризқимизда, дастурхонимизда ўзгача файзу барака бор. “Кимки бу муборак ойда бир рўзадорга ифтор қилиб берса гуноҳлари мағфират қилинишига ва дўзах ўтидан нажот топишига сабаб бўлади ва рўзадор киши қанча савобга эга бўлса ифтор қилган ҳам шунча савобга эга бўлади.” Саҳобаи киромлар, эй Аллоҳнинг Расули бизларнинг ҳар биримиз ифтор қилишга қодир эмасмиз, дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Аллоҳ юқорида айтилган савобларни бир хурмо билан ёки бир қултум сув билан ёки бир пиёла сут билан ифтор қилдирган кишига ҳам беради. Бу муборак ойнинг биринчи 10-кунлиги раҳмат кунлари, иккинчи 10-кунлиги мағфират кунлари, учунчи 10-кунлиги дузах ўтидан нажот топадиган кунлари. Кимки бу ой ичида қўл остидагиларга енгилликни раво курса Аллоҳ уни мағфират қилади ва дузах ўтидан нажот беради… ”, дедилар.
Алҳамдулиллоҳ, мустақиллик туфайли диний ва милий қадриятларимиз тикланди. Юртимизда бу йилги Рамазон ойи карантинга туғри келганлиги учун ибодатларимизни уйларимизда хавф-хатарсиз адо этияпмиз. Диёримизнинг деярли барча вилоятлари қатори вилоятимизнинг хушовоз қорилари томонидан онлай тарзда Қуръон хатмлари ўтказилмокда. Мени ишончим комил Халқимиз Уйларида Таровеҳ намозларнинг сўнгида оила аъзолари билан дуога қўл очиб, эл-юрт тинчлиги ва ризқ-рўзимиз мўл бўлишини, ҳамда бу коронавирусни дунёдан кутаришни Аллоҳдан ёлбориб сўрашади.
Яна бир гап!
Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят бўлган ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в.) инсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди…” (Имом Бухорий ривояти). Шунинг учун бу йилги рамазон ойида ҳам беморлар ва кексалардан хабар олиш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам курсатиш ва болаларга ҳадялар бериш, ифторликларни хом буйича беришни ташкил этиш каби гўзал урф-одатларимизга амал қилишимизни Аллоҳ барчамизга насиб этсин.
Муборак рамазон ойининг ҳурматидан муқаддас жаннат макон ватанимизни бу вабодан Аллоҳ паноҳида асрасин!
Аминжон ИСМОИЛОВ,
Сирдарё тумани бош имом-хатиби.