Аллоҳнинг раҳматига муштоқмиз…

Халқимиз оғир синовни бошидан ўтказмоқда. Бу коронавирус деган вирус  дунёнинг кўп  давлатларига кириб борди, минглаб  одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Ўзбекистонда касаллик янада тарқалиб кетмаслиги учун давлатимиз раҳбари томонидан қатъий чоралар кўрилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтиришга бағишланган йиғилишлар кўп ўтказилмокда. Бундан мақсад мамлакатимизда инфекциянинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик.
Юртбошимиз бугунги оғир дамларда шифокорларнинг машаққатли меҳнатларини эътироф этиб: – “Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди. Шу сабабли, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитар-эпидемиологик ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида қарорни имзоладим”, деб  таъкидладилар.
Бу шарафли вазифани ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда бажариб келаётган тиббиёт ходимларининг иши қаҳрамонлик хисобланиб, Аллоҳ  таолонинг наздида улуғ ажру савобларга ноил бўлади. Коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулият янада ошди.  Шу боис, шифокорларимиз аҳолининг меҳри ва эътирофига сазовор бўлдилар. Иш жойида мижжа қоқмай хизмат қилаётган шифокорлар чин фидойи инсонлардир.
Президентимиз томонларидан “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида молиявий рағбатлантириш жорий этилиши айни муддао бўлди. Мамлакат раҳбарияти ва аҳоли томонидан билдирилаётган ижобий фикрлар тиббиёт ходимлари учун улкан мукофот эканини алоҳида қайд этиш зарур.
Динимизда киши билимдон бўлиши  ўзи эгаллаган касбига садоқат ва  фидойилик билан ёндошиши улуғланади. Бу борада Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради”, деганлар (Абу Яъло ривояти).
Бу кунларда  имом-хатиблар бутун дунёга таҳдид бўлаётган пандемияга қарши курашаётган  шифокорларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилмоқдалар. Шунингдек, туну кун беморлар муолажаси билан банд бўлган ҳатто уйига ҳам келолмаётган тиббиёт ходимларининг ўз ишларини мукаммал равишда амалга ошираётганлари таҳсинга лойиқдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ким яхшилик қилса, унга ундан кўра яхшироқ (мукофот) бўлур”, деб марҳамат қилган (“Намл” сураси, 89-оят).

Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan