Ваъдага вафо қилинг

Вафодорлик мўминларга хос сифатдир. Аллоҳ таоло яхшиликларни баён қилар экан, аҳдга вафо қилишни алоҳида таъкидлайди: “Йўқ! Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса. Бас, Аллоҳ тақводорларни хуш кўради”. (Оли имрон сураси 76-оят). Ваъдаси устидан чиққан кишини ҳамма ҳурмат қилади, унга эҳтиром кўрсатади. Динимизда ваъдага вафо қилиш вожиб амал саналади. Ваъдага вафо тақводорлик белгиси бўлиб, у Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сабаб бўлади.

Қуръони каримда ваъдаси устидан чиқиб, унга вафо қилувчилар яхши амаллар қилувчи солиҳ кишилар қаторида, ваъдасини бузувчиларни эса ер юзида бузғунчилик қилувчилар қаторида зикр этилади. Вафодорларнинг пешвоси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу борада ҳам умматларига ўрнак бўлганлар. У зот пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам ваъдаларига доимо вафо қилганлар. Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Ваъда қарздир», деганлар (Имом Табароний ривояти).

Ваъдага вафо қилинмаса, кишилар ўртасидаги ишонч, меҳр-оқибат ва инсонийликка путур етиб, ёлғончилик ҳамда алдов кучайиб, жамият инқирозга юз тутади. Афсуски орамизда берган ваъдасининг устидан чиқмайдиган кишилар ҳам учраб туради. Баъзида ҳатто яқин дўстингиз ёки танишингиз билан «фалон жойда фалон соатда учрашамиз» деб шартлашасизу, белгиланган жойда анча-мунча кутиб қолишга тўғри келади. Ваъда ва келишувларга сабабсиз риоя қилмаслиқ халқ тили билан айтганда «лафзсизлик» ҳолати катта мусибатдир. Бу ҳол ўзаро ҳурматнинг йўқолишига, қимматбаҳо вақтнинг беҳуда ўтишига олиб келади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ваъдага вафо қиладиган бандаларидан бўлишлигимизни муваффақ айласин.

 

Достон ТОШМУРОДОВ
Гулистон тумани «Исохонтўра»
жоме масжиди имом хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan