Аҳиллик ва ҳамжиҳатлик калити

Aҳиллик ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти ва халқ фаровонлигининг асосидир. Аллоҳ инсонларни турли миллат қилиб яратиш билан бирга, уларни тинч-тотув, аҳил яшашларини хоҳлайди.

Инсон ҳаётининг негизи тинчликка асосланган. Тинчлик бўлмаса ҳаётда яшашнинг маъноси қолмайди, мамлакатда ривожланиш бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ Қуръони Каримда мусулмонлар бир-бирлари билан биродар эканликларини, бир-бирлари билан учрашиб туришлари зарурлигини, тескари бўлишлари мумкин эмаслигини таъкидлайди. Шу ўринда машҳур муҳаддис Имом ал-Бухорийнинг қуйидаги ҳадисини келтириб бўтишимиз жоиз: Aнас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингиз билан аччиқлашманг, ҳасад қилманг, тескари қараб кетманг. Эй, Aллоҳ таолонинг бандалари! Бир-бирларингиз билан ака-ука бўлинглар. Ҳеч бир мусулмон киши ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаб юриши жоиз эмасдир”, дедилар.

Инсонларнинг бир-бирига тескари бўлиб урушиб юришларидан жамиятга ҳеч қандай фойда келмайди. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларда инсонларни ўзаро аҳилликка ундовчи ибратлар келтирилади.

Aфсуски, кишилик жамияти яралгандан буён инсонлар ўртасидаги тотувликка путур етказувчи иллатлар: ғийбат, гумонсираш, бузуқ феъллилик кабилар мавжуд. Ҳақиқатдан ҳам чуқурроқ ўйлаб қаралса, келишмовчиликларнинг кўпроғи бир-биридан гумонсирашдан бошланади. Бу хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзларнинг энг ёлғонидир”, деб марҳамат қилганлар.

Инсонларнинг бир-биридан гумонсираши бир инсоннинг қалбида бошқа инсонга нисбатан нафрат туйғусини шакллантиради, натижада кишилар ўртасида хусумат пайдо бўлади. Aксинча кишиларнинг бир-бирлари ҳақидаги фақатгина яхши фазилатларини ўйлаш уларни бир-бирига яқинлаштиради ва самимий муносабатга йўл очади.

Шуни яхши билишимиз лозимки, ғийбат қилиш ҳам ката гуноҳдир. Бундай ишларга яқинлашган одам жамиятда ўз обрўсини тўкади, атрофидагиларнинг дилини ранжитади.

Сўз мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий ёзганларидек:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Шундай экан яратилмишларнинг гултожи бўлмиш инсонлар бир-бирларини авайлаб яшашлари лозимдир.

Абдукарим ПАРДАЕВ
Гулистон тумани “Шодмонхўжа”
масжиди имом-хатиби

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan