Бизда азал-азалдан оила энг муқаддас ва мўътабар маскан ҳисобланиб, жамият учун етук ва комил шахсларни тарбиялаш аждодларимизнинг юксак бурчи ва масъулияти саналган. Оилада фарзанд тарбиясига алоҳида аҳамият бериш масаласига асрлар мобайнида халқимиз ҳеч қачон бефарқ қарамаган.
Аммо турли ҳаёт тарзлари ва ғоялар кескин рақобатга киришган бугунги кунда дунёда юз бераётган шиддатли ахборий ўзгаришлар, ҳаётимизга кириб келаётган коммуникацион янгиланишлар таъсир қилиб, бундай мураккаб вазиятда оилаларимиздаги асрлар мобайнида сақланиб келаётган юксак инсоний анъаналаримизни ҳозирги давр анъаналари билан бойитган ҳолда бола тарбиясида қўллашимиз, улар қалбида ватанпарварлик, одамийлик, иймон эътиқод туйғуларини уйғотиб, оила қаршисидаги масъулиятни ҳис қила билиш, оилавий ҳаётнинг мураккаб жиҳатларини англаш, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтишга тайёрлашга ўргатишимиз лозим. Дарҳақиқат, бола тарбиясида миллий қадриятларимиздан устун қонуният йўқ экани минг йиллар мобайнида синовдан ўтган ҳақиқат. Шундан келиб чиқиш айтиш мумкинки, оилада эрнинг ўз ўрни ва хотиннинг ўз ўрни бўлганидек, фарзанд тарбиясида ҳам отанинг ўз ўрни ва онанинг ўз ўрни бор. Агар бу тамойилга амал қилинмаса, яъни бири иккинчисини инкор этиб, ҳар бири ўз билганича ҳаракат қилса, бола нафақат одобсиз, дангаса, қўрс ва тошмеҳр бўлиб ўсади, балки худбин, хиёнаткор, фақат ўзи учун яшайдиган кимса бўлиб вояга етади. Мухтасар айтганда, болада соғлом онгни шакллантириш имконияти бой берилса, у вояга етганидан сўнг оиладаги ва жамиятдаги ҳаёт қонуниятларига зид хатти-ҳаракатлар қилади. Бундай пайтда ҳеч нарса афсуски, фойда бермайди. Ўзбекчилик, миллий ва маънавий қадриятлар, авлод-аждодлар, ўтмиш ва келажак ҳақидаги панд-насиҳатларимиз энди унга таъсир қилмайди. Шу боис ҳам буюк аллома Абу Али ибн Сино бола тарбияси билан унинг туғилишидан аввалроқ, она қорнидан бошлабоқ шуғулланиш лозим, деган эди.
Бурхон ЖЎРАЕВ
Боёвут тумани “Абдуаҳадхон”
жоме масжиди имом-хатиби.