МУҲТОЖЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ – УЛУҒ ФАЗИЛАТ!

Биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар билан мулоқотда бўламиз. Уларнинг орасида бошига мусибат тушган, қарзга ботган, оғир дардга учраган ва бошқа қийинчиликларга дуч келганлари бўлади. Бундай ҳолатда инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида кўмак бериш мўминлик вазифасидир. Чунки Аллоҳ таоло берган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз айни муддаодир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, (Оли Имрон сураси, 92-оятида) шундай дейди:

 “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”

Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бор. Хайр-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривоятлари).

Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у фарз бўлсин хоҳ нафл бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

 “…Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривоятлари).

Уламоларимиз хайр-эҳсон – инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.

Пайғамбиримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам боқувчиси йўқ ва мискин, жисми  ёки ақлида ожиз ва заифликлари борларга ёрдам берган кимса ҳақида шундай деганлар:

 “Бева ва мискинларга ёрдам бериш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи киши худди Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш ҳам мўминнинг оғирини енгил қилишга киради.

Баъзи бир қўли узун, бой кишиларга одамларнинг ёрдам сўраб келиши малол келади. Аслида, бу улар учун яхшилик аломати. Чунки Аллоҳ таоло қайси бандасини яхши кўрса, унга одамларнинг ҳожатини тушириб қўяди. Демак, бой кишиларга одамларнинг ҳожати тушса шундай дейишлари мақсадга мувофиқ бўлади: “Шунча молу давлатни одамлар ичидан танлаб менга

берган Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсин. Мени кўпчилик қийналган мусулмонларга ёрдам берувчи кимсалар қаторида қилди. Мени бировлардан ёрдам сўрайдиганлардан қилмади. Қўлимдан келганича, имкон қадар бировларга ёрдам бераман”.

Ҳақиқат шуки, Аллоҳ хоҳлаган кимсани бой ва хоҳлаганини эса камбағал қилади. Бойни муҳтож ва муҳтожни бой қилиш Аллоҳга ниҳоятда осондир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунёда 1 миллиарддан ортиқ одам ногиронликдан азият чекади. Бу дунё аҳолисининг, тахминан, 15 фоизини ташкил этади. Ногиронларга қулай шароит яратиш, уларга таълим бериш, муносиб иш ўринлар билан таъминлаш масаласи ниҳоятда долзарбдир.

Шу боис ҳам сўнгги йилларда юртимизда ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Маҳаллаларда аёллар ва ёшлар дафтарлари шакллантирилди, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудлардаги бошқармалари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлари марказлари иш бошлади, маҳаллаларда “еттилик” тизими жорий этилди. Шу билан бирга ҳафтанинг ҳар жума куни “Меҳр ва саховат куни” сифатида белгиланиб, барча давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжманд аҳоли, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда хайрия тадбирлари ўтказиш йўлга қўйилди.

Қўйингки, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган кўплаб хайрли ишлар инсон ва унинг қадрини юксалтириш ҳамда бундай тоифадаги одамлар ўзларини ёлғиз ҳис этмасликлари учун амалга оширилмоқда.

Жисмида беморлиги бор кишилар ичида энг кўп ёрдамга муҳтожроқ киши кўзи ожизлардир. Бу борада ривоятларда бундай келтирилган

 “Ким бир кўзи ожизни қирқ қадам етакласа, унга жаннат вожиб бўлади”  (Муснади Абу Яъло Мусилий).

Салафи солиҳлар бу борада ҳам муносиб намуна кўрсатганлар. Масалан: Умар ибн Абдулазиз мусулмонлар диёрида қийин аҳволдаги кишилар ададини ҳисоблаб чиқишга буюриб, ҳар бир ногиронлиги бор кишиларга парваришловчи ва табибларни бириктирганлар.

Демак, кимнинг уйида ёки атрофида шундай  беморлар бўлса, уларнинг хизматини қилиб, дуосини олиш ва ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш лозим. Зеро, бундай гўзал амал жамиятдаги барчани бир-бир билан боғлашга, ўзаро меҳр-муҳаббатни уйғотишга ва улкан ажр савобларни ҳосил қилишга сабаб бўлади.

Янгиер шаҳар “Абдукаххор хожи” жоме масжиди имом-хатиби Хуршид домла Асланбаев

Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan