Сув – Яратган Роббимизнинг катта неъмати. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Биз осмондан баракотли сув – ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олинувчи дон-дунларни ҳамда тизилган (мевали) новдалари бўлган баланд хурмоларни ундириб ўстирдик. Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна у сув ёрдамида ўлик шаҳарни – ерни тирилтирдик. (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлур” (Қоф сураси 9-11-оятлар).
“Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, (шу обиҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?” (Воқеа сураси, 68-70 -оятлари)
“Нимани хор қилсанг, ўшанга муҳтож бўласан”, дейишади. Бугунги кунда мусулмонлар орасида сувни исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга бепарво муносабатда бўлаётган кишиларнинг ҳам борлиги афсусланарли. Ҳадиси шарифларда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”, дейилган.
Ҳозирги кунда жаҳонда ичимлик суви муаммоси энг биринчи даражали ташвишлардан бўлиб турибди. Бугунги кунда дунё аҳолисининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда бизлар тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўйяпмиз. Тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, ичимлик сувини салқинлатиш учун ҳовлиларимизга, кўчаларимизга сепамиз. Таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда айниқса тежамкорлик деган нарса батамом унутилганига иқрор бўласиз. Аслида, бу исроф қилинаётган сувларнинг ҳар бир томчиси эгасининг зиёнига бўлади.
Парвардигор барчамизни берган неъматларнинг қадрига етиб, исроф қилмасдан, уларнинг шукрини адо қилувчилардан айласин!
Мўминжон УСМОНОВ
Гулистон шаҳар “Тавҳид”
жоме масжиди имом-хатиби