Одамий эрсанг – демағил одами, оники йўқ халқ ғамидин ғами

Инсоният тарихида шундай даврлар борки, унда оз сонли йўлбошчилар етакчилигида қисқа вақт ичида минг йилларда қўлга киритиш мумкин бўлган натижаларга эришганлар. Темурийлар давлати ҳам кўплаб олимларга ижод қилиш учун замин яратди. Шундай буюк аждодларимиздан бири Мир Алишер Навоийдир. У зот халқ орасида инсонпарварлик ғояларини илгари суриб, турли миллат ва элатлар ўртасида дўстликни улуғлади. У зот доимо илму-ҳунар ўрганиш ва ҳакимлар суҳбатини тинглашни афзал билган. Мол-дунёга ҳирс қўйиш ва таъмагирликни қоралаган. Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 28-оятида: “Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?” – дейди.

Хондамир ўз изоҳида Алишер Навоий ҳақларида шундай дейди: “Алишер Навоий ёшлик ва йигитлик вақтларида доимо ҳакимлар суҳбатини талабгори эди”. Навоий ҳазратлари вазир ва ҳоким лавозимларида ишлаган вақтларида ҳам, кейинчалик ҳам бадиий ижод билан шуғулланиш, мадраса ва хонақохлар бунёд этиш йўлида сайъ-ҳаракатларни тарк этмаганлар. Ўз жамғармасидан тўртта катта масжид ва хонақохлар қурдирган. Навоий халқпарварлик, сахийлик ва шу каби эзгу ишларга бошқа инсонларни ҳам тарғиб этганлигини кўриш мумкин.

Одамий эрсанг, демағил одами,

Оники йўқ халқ ғамидин ғами.

Бу машҳур байтнинг маъноси шуки: “Ҳақиқий инсон бўлсанг, халқ ғами бўлмаган кишини комил инсон деб ҳисоблама”.

Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Менинг баъзи бир хос умматларим бўлади. Уларни оила менинг зикримдан машғул қила олмайди».

Навоийнинг “Маҳбубул қулуб” асарида комил инсон тушунчаси ўзига хос тарзда ифодаланади. Навоий Нақшбандия тариқатининг ахлоқий талабларидан келиб чиқиб, ўз замонаси билан ҳамнафас бўла оладиган ва доимо комилликка интилиб яшайдиган инсонни ахлоқий намуна деб билади. Чунки ҳар бир инсон, фақат ўз замонасидаги мавжудлик доирасидагина бирор иш қилишга қодир. “Ўтмиш зўр эди, олтин давр эди ёки келажакда ҳамма нарса зўр бўлади” – деб гапирган билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Инсон ўз замонаси имкониятларидан фойдаланиб ўзини, замонасини гўзал қилишга интиломоғи лозим. Шу боис Маҳбубул қулубнинг якунида, Навоий ҳазратлари шундай дейди: “Ўтган рўзғор адамдир (йўқлик), келмагандин сўз айтғон аҳли надамдир (надомат)”.

Хулоса қилиб айтганимизда, Навоий ҳазратларининг умрлари давомида қилган савобли ва хайрли ишлари бизларга чиройли намуна бўлиб хизмат қилади. Асарларидаги ахлоққа доир фикрлари доимо тадқиқ ва татбиқ қилиб борилаверади.

Жуманазар Рисқулов 

Оқ олтин тумани “Аҳмад Яссавий»

жоме масжиди имом-хатиби 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan