Президентимизнинг яқинда халқимизга қилган Мурожаатини тинглагач, кўзимга уйқу келмади. Давлатимиз раҳбари юртимизга кириб келган коронавирус пандемиясини қандай даф қилишни ўйлаб, куйиб-пишиб ю́рган бир пайтда кимдандир вирус юқтирганини яширган, касалликни иситмаси ошкор қилгач, мажбур бўлиб “Тез ёрдам” чақирган фуқаронинг бу ҳаракати одамни лол қолдиради. Наҳотки, инсон ҳам бу қадар масъулиятсиз, энг аввало, ўз соғлигига бефарқ бўлса. Ахир, шифокорлар ҳар куни вирусни юқтирганлар агар вақтида даволанмаса, уларни ўлим кутаётганлигини такрор-такрор айтишаётганликларини наҳотки англамаган бўлишса?
Бу кунларда бизнинг юртимизда вируснинг кенг тарқалмаслиги учун карантин эълон қилинган бўлиб, хавфли хасталикка қарши курашиш, яъни санитария – гигиена қоидаларига амал қилиш, вирусдан сақланиш жараёни кечмоқда. Бундан мақсад соғлом инсонларга касаллик юқишининг олдини олишдир.
Мен ўзимни воҳамиздаги барча аёлларнинг бир яқин кишиси ҳамда қизларнинг бувиси ўрнига қўйиб, уларга, “Уйда – оилангиз бағрида ўтиринг, ўзингизнинг ва яқинларингизнинг соғлигини ўйланг” дегим келди…
Ассалому алайкум, азиз опа-сингилларим. Бугун ҳаммамиз дунёни ташвишга солаётган “COVID 19” вирусининг тарқалиб кетмаслиги учун шифокорлар берган тавсияларга амал қилиб уйда ўтирибмиз. Фарзандларимиз ва набираларимизнинг уйда билим олишлари учун онлайн тизимида дарслар ташкил этилганлиги айни муддао бўлди. Шахсан ўзим набираларим билан бўш пайтларида биргалашиб китоблар ўқияпмиз, уларга ҳадислар, эртак ва ривоятлар айтиб бераяпман. Телевизорда берилаётган фойдали ва қизиқарли кўрсатувларни бирга томоша қиламиз.
Қаранки, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам вабо тарқалган экан. Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларига » Вабо тарқалган жойга борманг. Агар у ерда бўлсангиз юртингизга қайтманг”, деган эканлар. Ўша замонда ҳам касаллик юқтирганлар алоҳида сақланиб, бир – бирларидан узоқлаштирилган экан.
Азизаларим! Президентимиз халққа мурожаат қилиб, барчани шундай синовли кунларда уйда ўтириб, бир-бирларини руҳан қўллаб-қувватлаш, бу оғир вазиятни мустаҳкам иродали ва қудратли бўлиш билан енгиш зарурлигини қайта–қайта такрорладилар. Юртимизда фуқароларни ушбу касалликдан ҳимоя қилиш, соғлом турмуш кечириш ва беморларни даволаш барча шароитлар яратилган. Бунга жавобан сизу биз ҳам уйда қолиб, яратилган шароитдан тўғри фойдаланайлик.
Азиз қизларжон! Сиз уйда ўтириб, билимларингизни мустаҳкамланг. Оналарингизга рўзғор ишларида кўмаклашинг. Айни кўклам пайтида ҳовлиларни супуриб – сидиринг, гуллар, райхонлар, ўсмалар экиб, уларни парваришланг, устозларингиз, дугоналарингиз, синфдошларингиз билан зарур бўлганда уяли телефонлар орқали мулоқот қилинг, янгиликлардан хабардор бўлинг. Бўш вақтларингиздан унумли фойдланиб, бувижонларингиздан чеварликни, кашта тикишни ўрганинг, китоб ўқинг, расм чизинг, ижод килинг.
Буни қарангки, Аллоҳнинг ҳар бир иши ҳикматли. Қадрли опа-сингиллар, рўзғор, кўча юмушлари билан овора бўлиб, қизларингиз билан дилдан суҳбатлашишга вақтингиз етмас эди. Бугун эса бунга имкон бор, улар билан кўнгилдан мулоқот қилинг, сирлашинг, зарур маслаҳатлар беринг.
Инша Аллоҳ тез кунларда вирус юқтирган беморларнинг барчаси ҳам соғайиб, уйларига қайтишади, вирусга батамом барҳам берилади, яна осойишта ва мазмунли ҳаётимизга қайтамиз.
Биз бувижонлар ҳам барча эзгу ишларга бош-қош бўлаётган Муҳтарам Президентимизни, эл-юртимиз, айниқса бугуннинг қаҳрамонлари бўлган шифокорлар ҳамда осуда ва соғлом ҳаёт учун курашаётган бошқа соҳа ходимларини дуо қилайлик.
Раҳима ИСКАНДАРОВА,
Ўзбекистон Республикаси Мусулмонлар идораси Сирдарё
вилояти вакилининг аёллар масалалари бўйича ёрдамчиси.