Саломатлик – улуғ неъмат

Азизлар айни кунларимизда бутун ер шари ва қолаверса жонажон юртимизда “Коронавирус” пандемияси хавфи мавжуд бўлиб турибди. Бу касалликни авж олиб кетишини олдини олиш, шу касалликка чалинган беморларга тез тиббий ёрдам ва муолажа кўрсатиш, чет эллардан келган ватандошларимизни саломатликларини назорат қилиб туриш ва қолган барча ватандошлармизни бу касалликдан химоя қилиш борасида Муҳтарам юртбошимиз бошчиликларида барча мутассади ташкилотлар тинимсиз фоалият олиб бормоқдалар.
Аллоҳ Хақ субҳанаҳу ва таолонинг барча тадбирларида ҳикмат бор. Айни шу кунларда тинчлик ва хотиржамлик ҳамда тани соғлик қанчалар улуғ неъматлар эканига бот бот амин бўлмоқдамиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, у ҳақда кишиларнинг кўпчилиги бебаҳра қолишади. Сиҳат-саломатлик ва бўш вақт», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Азизлар Аллоҳ таоло сизу биз бандаларини энг гўзал ва мукаммал хилқат ила яратганлигини Қуръони Каримнинг Тийн сурасини 4-ояти каримасида эслатиб: “Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” дейди.
Исломда «шариатнинг мақсадлари» деган қоида бор. Шариат мақсадлари бештадир. Ислом шариатида нима таъқиқланган бўлса, нима буюрилган бўлса, ўша беш мақсаддан бирига ҳизмат қилади. Улар дин, жон, ақл, насл, мол-мулк муҳофазасидан иборат.
Эътибор қиладиган бўлсак, шу беш нарсадан учтаси инсон соғлиги, саломатлигига тааллуқлидир: нафс – жон муҳофазаси, ақл муҳофазаси, насл муҳофазаси. Демак, Исломнинг асосий мақсадлари бўлган беш мақсаднинг учтаси инсон саломатлигига хизмат қилади. Қадимги уламоларимиз, жумладан, имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам айтганлар: «Илм иккитадир, динни ўрганиш учун фиқх илми, баданни ўрганиш учун тиб илми». Ислом дини инсон соғлиги масаласига киришар экан, даволашдан ҳам олдин, соғлиқни сақлашга эътиборни кучайтирган. Бу борада биринчи бўлиб покликка чақирган. Динимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Поклик иймоннинг ярмидир», деган ҳадислари машҳурдир. Яъни мўмин мусулмончиликнинг ярми покланишдан иборат. 
Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳафтада бир марта баданни ва бошни ювиб туриш ҳар бир мўминга лозимдир», деганлар. Шунингдек, яна бошқа бир ҳадисларида «Умматимга машаққат қилиб қўйишим мумкин бўлмаганида, ҳар таҳоратда мисвок тутишларини буюрар эдим», деганлар. Бу эса тишларни, оғизни доимо покиза тутишга буюрар эдим, деганидир. Бу ҳам инсоннинг соғлигини сақлайдиган муҳим омиллардан биридир.
Лекин баъзида инсонлигимизга бориб Аллоҳ таоло берган бу улуғ неъматларни вақтида қадрига етмаймиз, улар касалланганда ўрни билинади. Айнан шу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони каримда Мулк сурасининг 23-ояти каримасида зикр қилиб: Айт: «У сизларни йўқдан бор қилган ва сизларга эшитиш, кўриш ва ақлни берган Зотдир. Жуда ҳам оз шукр қиласизлар-а?!».
Айниқса Пандемия вақтида хонадонларимизни файзу фариштаси бўлган муҳтарам отамиз ва муниса онамизни ва ёши улуғ қадрдонларимиз саломатлигига жиддий эътибор қилайлик, уларни янада кўпроқ асраб авайлайлик. Кўчага мақсадсиз чиқаётган вақтимизда уларнинг тинчликлари ва саломатликларига раҳна солиб қўйишимиз мумкинлигини унутмайлик. Уларнинг қувватларини оширадиган таом, қуруқ мевалар ва сут маҳсулотлар ила доимо таъминлаб турайлик.

Ҳурматли юртдошларимиз, ҳамшаҳарларимиз, маҳалладошларимизга яна бир бора мурожаатимиз тиббиёт ходимлари, Ички ишлар ходимлари, маҳалла раисларимиз ва уламоларимизнинг сўзларига амал қилайлик. Зеро ислом уламолари “Мусулмон, моҳир, тақводор табибнинг хабари ила қилинадиган муолажа фарз айн даражасигача кўтарилади”, дейдилар. Демак, Ислом динида итоат қилиш ибодат даражасига кўтарилган ва мўмин-мусулмонлар айни ҳозирги ҳолатда табиблар кўрсатмаларига қатъий риоя этишлари жуда ҳам зарур.
Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таъоло барча азизларимизни бу борада олиб бораётган харакатлари эвазига тез кунларда бу синовлардан беталофат ва гўзал ибратлар ила чиқмоғлигимизни насиб қилсин.

Авазхон ЖАЛОЛОВ
Гулистон шаҳар “Исо ўғли Мусо”
масжиди имом хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan