Юртимизга ойларнинг энг улуғи ва буюк фазилатлар билан зийнатланган Рамазони шариф кириб келмоқда. Бу ой – чинакам Ислом ойи, иймон ойи, Қуръон ойи, сабр ойи, ибодат ойидир. Бу ойда жаннат дарвозалари ланг очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанбанд қилинади.
Бу ойда мусулмонларнинг хайру саховати, меҳр-муруввати ҳар қачонгидан кўра жўшиб, ҳимматлари юксалиб, шижоатлари тўлқинланиб кетади. Шунинг учун Рамазонда мўмин-мусулмонлар орасидаги меҳр-оқибат, аҳиллик, биродарлик, бағрикенглик туйғулари янада мустаҳкамланади.
Бу ойда курраи заминга бутун борлиқдан раҳмат нурлари, мағфират нурлари ёғилади, чунки файзли Рамазон оқшомларида таровеҳ намозлари ва хатми Қуръонлар ўқилади. Албатта хозирги карантин холатини инобатга олинган холда барча ибодатлар уйда, оилавий одо этилади. Бу ойда ер юзига баракот ёғилади, чунки Рамазони шарифнинг имтиёзларидан фойдаланиб, ажру савобларни минглаб чандон ошириб олиш ниятида закот, фитр, фидя каби молиявий ибодатлар, садақалар, хайру эҳсонлар кўпроқ айнан шу ойда адо этилади, Аллоҳ таолонинг синовида матонат кўрсатаётган муҳтожлар, кўнгли яримлар, ризқи тор мўминларга меҳр-мурувват кўрсатилади, беморлар, нуроний отахон-онахонлар зиёрат қилинади, аразлашганлар яраштирилади.
Аллоҳ таоло ислом динининг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони каримни нозил қилган ушбу ой мўмин-мусулмонлар учун ўз нафсини тарбиялайдиган, сайқаллайдиган, руҳан ва жисман покланадиган, саломатлигини мустаҳкамлайдиган, ибодатда қоим, кундузи соим бўладиган, яхшилик, саховат, хайру эҳсонни кўпайтирадиган, меҳр-оқибатни кучайтирадиган ва албатта дуолар мустажоб бўлиши ваъда қилинган лаззатбахш даврдир.
Бугун бутун дунёга коронавирус балоси таҳдид солиб турган бир паллада Рамазон мўмин-мусулмонларнинг қалбига офият берувчи, ҳаётларига хотиржамлик баҳш этувчи нажот ойи бўлиб кириб келмоқда. Чунки ҳар бир мусулмон бу ойда гуноҳлар афв этилиши, дуолар ижобат, ибодатлар қабул бўлиши, турли бало-қазолар аришига чин дилдан ишонади.
Ана шу мақсадда, биз ҳам катта иштиёқ билан Рамазони шарифни кутар эканмиз, бу муқаддас ойни қарши олишни, энг аввало, покликдан бошлашимиз мақбул ишдир. Заро, Ислом дини поклик устига қурилгандир.
Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қарайди. Хусусан, намоз ўқийсизми, Қуръон тиловат қиласизми, умра ёки ҳаж каби улуғ ибодат рукнларини бажарасизми, энг аввало, пок бўлиш талаб этилади. Буларнинг бари инсон қалби ва нияти поклигидан бошланади. Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок бўлиши шарт.
Ҳозир ана шундай пайт. Инсониятга хавф солиб турган каронаворусдан сақланишнинг йўлларидан бири ҳам покизалик эканлиги ҳаммага маълум хақиқатдир.
Дуолар кўп ижобат бўладиган кароматли ойда ибодатларимизни мукаммал адо этган ҳолда Яратгандан офият, саломатлик, тинчлик, хотиржамлик сўрайлик, турли офат, балою ваболардан қутқаришини ёлворайлик.
Ҳабибуллоҳ домла ЗОКИРОВ
Сирдарё вилояти бош имом–хатиби.