Мана, ойлар султони, файз ва барака, раҳмат ва мағфират ойи бўлган Рамазон кириб келди. Бу йилги Рамазон ойи ўлкамизда карантин холати бўлишига қарамай ўзгача шукуҳ билан кутиб олинди. Мўмин-мусулмонлар Рамазон рўзасини тутиб, кечалари таровеҳ намозларини карантин қоидаларига риоя қилган холда ўз уйларида қоим қиладилар.
Мухтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг Рамазон табригида улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг “Саховатли инсоннинг бошига жаннат дарахтлари соя солади” деган сўзларини иқтибос қилиб келтирдилар. Албатта, Рамазон ойида меҳр-мурувват, хайр-саховат ишларини қилишлик улкан савоблик амаллардан хисобланади. Динимиз инсонларни бу ойда бошқа ойлардагига қараганда саховатпешаликни кўпроқ намойиш қилиб, бева-бечоралар, мискин ва камбағаллар ҳолидан хабар олиб, жамиятнинг бу тоифасига ҳам алоҳида эътибор беришга чақиради. Қайси жамиятда бева-бечоралар, камбағал ва мискинлар, заиф кишилар ҳолидан хабар олинар, уларнинг моддий ва маънавий таъминоти бекаму-кўст қилинар экан, ўша жамиятнинг тинчлиги бардавом бўлади, иқтисоди ва бошқа соҳалари ривож топади. Зеро ўша бечораҳол кишилар яхшилик қилган шахс ёки ташкилот ҳаққига дуо қилади. Бу дуо Аллоҳ даргоҳида қабул қилинади.
Рамазон ойида бошқа ойлардагига нисбатан саховатга алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас. Сабаби бу ойда қилинган амалга жуда кўп мукофот берилади. Аллоҳ Ўзининг йўлида қилинган садақа ва инфоқ етти юз баробаргача кўпайтирилиши Каломида баён қилган. Рамазон ойида эса бу миқдор янада оширилиши шубҳасиз. Саховат кўрсатаётган кишининг ихлоси ва қалбидаги эзгу нияти олинажак ажрни янада зиёда қилади.
Рамазондаги хайр-саховат ишлари турли кўринишлари қилиниши мумкин. Масалан, кам таъминланган оилаларга моддий томондан ёрдам қилиш, қаровсиз қолганлар, хусусан боқувчисини йўқотган оилалар, бемор ва қариялар ҳолидан хабар олиш мумкин. Бу ишлар йил бўйи қилиниши яхши. Аммо муборак Рамазон ойида бундай эзгу ишларга алоҳида эътибор қаратиш лозим саналади. Бу ойда бир-бирига меҳр кўрсатиш, ўксиган кўнгилларга умид бағишлаш, уларни хурсанд қилиш, ноумид қалбларга ишонч ва қувонч олиб кириш улуғ ишлардандир. Зеро Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида: “Биродаринг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деганлар. Садақа ва саховат ишлар кенг маъноли бўлиб, инсон ҳаётининг ҳамма жабҳаларини қамраб олади. Масалан, ота-онага яхшилик қилиш, аёлига мулойимлик билан муомалада бўлиб, фарзандларига шафқат кўрсатиш ҳам саховатнинг кўринишларидандир. Моҳи Рамазон ойларида мана шу каби ишларга алоҳида эътибор қаратсак, жамият аъзоларининг ўзаро тотувлигини таъминлашга, тинчлик ва хотиржамлик давомли бўлишига ҳисса қўшган бўламиз. Саховат кўрсатган, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлган бандалардан Аллоҳ таоло рози бўлади. Тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурган бу мустақил диёрда фаровон ҳаёт кечириб, Аллоҳнинг амрларини бажариш орқали У Зотнинг розилигига эришиш улуғ бахтдир. Бу бахт ҳар биримизга насиб этсин. Аллоҳ таоло юртимизни тинч қилиб, карантинга сабаб бўлган коронавирус балосини Аллоҳ таоло инсониятдан Ўзи йўқ қилсин. Бу касалликка чалинган барча беморларга Ўзи шифо берсин!
Ҳабибуллоҳ домла ЗОКИРОВ
Сирдарё вилояти бош имом хатиби.