Ўлкамизда баҳор фасли. Бу фаслда турли дарахт ва гул кўчатлари ўтказиш ҳамда томорқаларга турли экинлар экиш ишлари амалга оширилади.
Баҳорда экилган кўчатлар ва экинларни ёзда парвариш қилинади. Яьни таглари юмшатилади,суғорилади,бегона ўтлардан тозаланади.
Ёздан кейин куз фасли келади. Зеро, куз фасли ҳосилни йиғиш фаслидир.
Азизлар, мен бекорга фасллардан гап бошламадим.
Ҳижрий тақвимдаги Ражаб, Шаъбон ва Рамазон ойларини табиатдаги ана шу уч фаслга қиёслаш мумкин.
Чунки Ражаб ойида мўмин мусулмон бандалар барча савоб ишларни қилишлари ҳудди баҳорда экин экишга ўхшайди.
Шаъбон ойида яна савоб ишларни қилиб, нафл рўзалар тутиб, Бароат кечаси ибодатларини бажариб, хайру эҳсонлар қилиб саховатпешалик килишлари ҳудди ёз фаслида экинларни парвариш қилишга ўхшайди.
Рамазон ойида эса Ражаб ва Шаъбон ойларида қилган савобли ишларининг сарҳисоби рўза тутиш оркали мустаҳкамланади.
Иймон эътиқоди мустаҳкам инсонлар бу ойда рўза тутиш билан бирга яна хайру эҳсонлар улашиш орқали савоб ишлар киладилар. Аллох таоло уларга кўплаб ажру савоблар беради.
Шу сабаб Рамазон ҳосил йиғиладиган куз фаслига ўхшайди.
Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ражаб Аллоҳнинг ойи, Шаъбон менинг ойим, Рамазон умматимнинг ойи»- деб бежиз айтмаганлар.
Муҳтарам юртдошлар, Кун сайин яқинлашиб келаётган Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Рамазон ойида эса эҳсон килиш, фитр, фидя, закот каби садақаларни эртароқ бериш ва Рамазон рўзасини мукаммал тутиб, ибодатда бўлишни Аллоҳ барчамизга насиб айласин.
Раҳима ИСКАНДАРОВА
Сирдарё вилояти бош отинойиси.