Марҳабо моҳи Рамазон!

Азиз ва муҳтарам мўмин мусулмон биродар! Сизларнинг барчангизни муборак рамазони шариф ойи кириб келиши билан чин қалбдан қутлаймиз. Барчамиз Рамазон ойини кириб келишини хурсандчилик, сабрсизлик билан кутамиз. Уни кутиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлаймиз. Озиқ-овқат, емак-ичмак харид қилиб ғамлаймиз. Аслида йилнинг ўн икки ойининг энг улуғи бўлган бу мўътабар ойни бошқачароқ қилиб кутиб олиш лозим бўлади.
Ушбу муборак ойнинг рўзасини Аллоҳ таоло амр қилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб ўтганларидек тутиш, бу ойнинг файзу барокатидан кўпроқ манфаатдор бўлиб қолиш йўлларини яхшилаб ўрганиш билан кутиб олиш керак бўлади. Чунки бу имконият йилда бир марта берилади холос. Шунинг учун Рамазон рўзаси ҳукмларини уни тутишдан олдин яна бир бор пухта ўрганиб олиш лозимдир.
Рамазон рўзасини тутиш хар бир балоғатга етган ақлли шахсга фарздир.
Ўта қариганликлари сабабли рўза тута олмай қолган отахон ва онахонлар, тузалишидан умид йўқ сурункали касалга чалинган кишига фидя берадилар, яъни тута олмаган хар бир кунлик рўзалари ўрнига бир мискинни тўйғазадилар.
Шу билан бирга баъзи узрли кишиларга рўзани қазо қилишга ҳам рухсат этилган.
Бу тоифага сафардаги кишилар, оғир касалликлар, ҳайз ва нифосли аёллар кирадилар. Рамазон ойида сафарга чиққан одамга, сафар қийинчиликлари этиборидан кейин қазо рўза тутиб беришга рухсат берилган. Қийналмаса рўзани сафарда тутса ҳам бўлаверади. Рамазон ойида касал бўлиб қолиб, рўза тутса касали зиёда бўлб ёки тузалиши орқага сурилиши хавфи бўлган мўмин мусулмон, ишончли табиблар томонидан тасдиқланган одам ҳам кейин қазо қилиб тутиб бериши мумкин. Уламоларимимз худди шу тоифага ҳомиладор ва эмизикли аёлларни ҳам қўшганлар, улар ҳам ўзларига ёки болаларига зарар етишидан қўрқсалар, Рамазон пайтида тута олмасалар кейин қазосини тутадилар.
Ҳайзли ва нифосли аёллар эса ўзларидаги мавжуд ҳолат туфайли покланиш имконлари йўқ бўлганидан намоз ўқиш ёки рўза тутишлари мумкин эмас. Ҳайз ва нифосдан пок бўлганларидан кейин қазосини тутиб берадилар.
Ушбу зикр этилган тоифалардан бошқа кишилар албатта рўзани ўз вақтида тутишлари, шунингдек бошқа ибодатларни ҳам адо этишлари лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида саҳарликни ўз вақтигача чўзиб боришни, ифторликни аввалги вақтда қилишни қайта-қайта таъкидлаганлар. Шунингдек, рўзани улаб тутмасликни яъни қасддан саҳарлик қилмай ўтказиб юбормасликни хам тайинлаганлар.
Ифтор вақтида астойдил дуо қилиш ҳамда хўл ва ширин нарсалар билан оғизни очиш ҳақида ҳам кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Рамазон кундузини рўза тутиш билан ўтказган одам унинг кечасини иложи борича ибодат билан ўтказишга уриниши лозим.
Рўзанинг инсон саломатлигига нисбатан ўта фойдали эканлиги ҳақида тараққий этган давлатлар, жумладан АҚШ, Англия, Франция ва Олмониядаги олимлар кишиларни очлик билан даволаш билан сезиларли натижага эришдилар.
Америкалик мутахассис Пол Брегг бўлса ўзининг эллик йиллик шахсий тажрибаси маҳсули ўлароқ “Мўжизакор очлик” деб аталган китобини ёзди.
Дунёдаги кўплаб тилларга таржима қилинган бу китоб, рўза инсон соғлиги учун энг зарур омил эканлигини ташвиқотчисига айланди. Инсон соғ-саломат бўлай деса рўза тутиши зарур экан. Бу эса Имом Табароний ўзларинг “Ал-Авсат” китобида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган: “Рўза тутинглар саломат бўласизлар” деган хадиси шарифнинг илмий тасдиғидир.
Дархақиқат кимки Аллоҳ фарз қилган рўза ибодатини адо қилар экан, соғлиги яхши бўлиши билан бир қаторда, Аллоҳнинг амри, фарзини бажарганлиги учун улуғ савобларга сазовор бўлади.

Улуғбек ҚОБИЛОВ
Сирдарё туман “Аҳмад ибн Малик”
жоме масжиди имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan