Бу воқеа отам билан боғлик болалик хотираларимдан биридир. Оилада катта фарзанд бўлганим сабабли бу воқеани жуда яхши эслайман. Отам Пайғамбаримиз суннатларига амал қиладиган намозни ва рўзани тўкис адо этадиган иймонли киши эдилар. Муборак Рамазон кунларининг бирида (мен унда 14 ёшда эдим ) отам, онам ва мен саҳарлик қилиб ўтирган эдик, бир пайт кўшнимиз Бахри хола чақириб келдилар .У кишининг кўзларида ёш бор эди. Бахри хола отамга караб шундай деди:
– Мирзажон ука кечаси Абдусалом ичиб келибди қўйхона эшиги очиқ қолиб, қўйлар пахтага тушибди. Озми кўпми билмайман пахтага зарар етказибди. Агроном Абдусаломни савхоз идорасига олиб кетди. Укажон ёрдам бер уни ҳечам тўғри йўлга сола олмаяпман, балки отаси тирик бўлганида….. деди-ю яна кўзларига ёш келиб йиғлаб юборди.
Эрта тонгдан отам савхоз идораси томон кетди, пахта даласида культиватор ишлаётган экан. Трактор даладаги анчагина ғўзаларни нобуд қилган эди. Отам уларни белбоғига тугиб, идорага кириб, раис билан салом -аликдан сўнг шундай деди:
– Ҳурматли раис ака, ҳозир олиб келинган йигит менинг қўшним бўлади, унинг отаси Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлган, онаси ёлгиз катта қилган. Мен ҳозир пахта даласидан келаяпман, Абдусаломнинг қўйлари ғўзага зарар етказган лекин ундан кўпрок зарарни культиватор трактори етказган деб раис олдига бир даста ғўзаларни ташлайди. Келинг, раис ака ушбу муборак Рамазон кунларида шу йигитнинг гуноҳидан ўтайлик, у ҳам инсофга кириб, онасини рози қиладиган йигит бўлса зора. Раис шу гаплардан сўнг Абдусаломни чақириб унга шундай деди:
– Абдусалом сени бу сафар Мирза ака ва отасиз ўстирган онанг ҳурмати қўйиб юбораман, бундан кейин асло онангни норизо этмагин…
Отам ва Абдусалом уйга қайтди. Орадан икки кун ўтиб саҳарлик дастурхони атрофида ўтирган чоғимизда Абдусалом ака кириб келди ва отамга қараб шундай деди: – Мирза ака сиздан жуда миннатдорман. Ўзингиз биласиз мен намоз ўқимайман, рўза тутмайман, онамни кўп хафа қиламан, кечаги ишлар балки шунинг учун бўлгандир. Сиздан илтимос менга ҳам намозни ўргатинг. Шундай килиб Абдусалом ака намозни тўкис адо этадиган, отам билан Бекобод шаҳрига жума намозига борадиган иймонли йигитга айланди. Бахри хола умрининг охиригача отамдан миннаддор бўлиб яшадилар.
Жаннатой ХЎЖАБЕКОВА
Гулистон тумани отинойиси