Савоблар кўпаядиган ой

Ўлкамизда ойларнинг султони, фазилати билан бошқа ойлардан афзал Рамазон шариф ойи давом этмоқда. Барчамизга маълум бу йилимиз оғир келмокда. Аллохнинг амри ила вабодан қутилиш пайтида сув офатига дучор бўлдик. Натижада кўп одамлар уйсиз ва молу мулксиз қолишди.

Шунинг учун савоблар кўпайтирилиб бериладиган ушбу ойда солиҳ амалларни қилишга бева ва мискинларга, етимларга ҳамда вабодан ва сув офатидан зарар кўрганларга мурувват кўрсатишга шошилайлик.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят бўлган ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в.) инсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди…” (Имом Бухорий ривояти).

Биз мўмин-мусулмонлар гўзал урф-одатларимизга амал қилайлик. Бу йилги рамазон ойида ҳам беморлар ва кексалардан хабар олиш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ва болаларга ҳадялар бериш баробарида вабодан ва сув офатидан зарар кўрганларга озиқ-овқат маҳсулотлари, закот ва фитрларимизни берсак муносибларни танланган бўлардик. Бундан ташқари кимки ифторликларни хом бўйича ёки ифторликка кетадиган маблағни талофат кўрганларга берса ифторлик қилганга ваъда қилинган ажр ва савобга эга бўлади ИншаАллоҳ.

Муборак ҳадислардан маълумки, кимки бу ойда бир савобли амални бажо келтирса гўёки бошқа ойларда бир фарз амални адо қилган билан баробардир. (Масалан кам таъминланган оилаларга ёки сув офатидан талофат кўрганларга модий ёрдам берса). Кимки бу ойда бир фарз амални адо қилса гўёки бошқа ойларда етмиш фарзни адо қилган билан баробардир. (Масалан бева ва мискинларга ёки сув офатидан талофат кўрганларга закотидан берса). Бу ой кўмак ва ёрдам бериш, ҳамда яхшилик қилиш ва кўнгул овлаш ойидир.

Шунинг учун бир-биримизга яхшилик қилайлик, бир-биримизни қувонтирайлик, бир-биримиздан рози бўлайлик, бева-бечораларга ва сув офатидан бошлари ташвиш кўрганларга мурувват кўрсатайлик. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Демак кимки кам таъминланганларга мурувват кўрсатса, айниқса ҳозирги кунда сув офатидан зарар кўрганларга закот ва фитр садақасидан берса, юқоридаги ҳадисда айтилган ажр ва савобларга эга бўлади. Бундан ташқари кимки етимни аҳволидан хабар олса жаннатда унинг жойи Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ёнларида бўлади. Набий (с.а.в.) “Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари билан ишора қилиб, орасини очиб кўрсатдилар. (Имом Бухорий ривояти). Ёки Набий (с.а.в.) “Қайси мусулмон бир етимни тарбиялаб, ўзи егани ва ичганига шерик қилса, агар кечирилмас гуноҳи бўлмаса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Дуолар қабул бўладиган ойда эл-юрт ҳақига ва оила аъзоларимиз ҳақига Аллоҳ таолодан яхшиликлар сўрайлик.

Юртимизда карантин бўлгани учун ибодатларимизни уйда хавф-хатарсиз, Аллоҳ буюрганидай адо этмоқдамиз. Таровеҳ намозларнинг сўнгида оила аъзоларимиз билан дуога қўл очиб, Диёримизни вабодан ва турли арозий самовий офату балолардан асрашни, эл-юрт тинчлиги ва ризқ-рўзимиз мўл бўлишини Аллоҳдан ёлвориб сўрайлик.

  

Аминжон ИСМОИЛОВ,
Сирдарё тумани бош имом-хатиби.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan