ХАЛҚ КЎНГЛИНИ ОБОД ЭТАЙЛИК

Барчамизга маълумки, 2017 йил Юртбошимиз томонидан «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари» йили деб эълон қилинди. Ҳар бир соҳа вакиллари ўз йўналишларидан келиб чиқиб олдиларига аниқ мақсад ва вазифалар, режа ва дастурлар тузишиб, аллақачон ушбу режаларни ҳаётга татбиқ эта бошладилар.

Дин ходимлари ҳам ишларни қалб ободлигидан бошлаб юбордилар. Қалб ободлиги, кўнгил хотиржамлиги обод ва фаровон турмушнинг асосий бўғинидир. Бир синиқ кўнгилни кўтариш Каъбани обод қилишга тенглаштирилади. Навоий ҳазратлари ҳам бежиз ушбу мисраларни битмаганлар.

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Яна бир ҳикматларида: Бир кўнгил иморати – минг Макка зиёрати, дея кўнгил ободлигини улуғлаганлар. Ҳатто, минг Макка зиёратига тенглаганлар. Кўнгилнинг ҳамма нарсадан, ҳатто, Каъба зиёратидан ҳам устун қўйилишининг сабаби шундаки, Каъба Аллоҳнинг уйи, лекин у зохирий, рамзий уй, унинг ҳақиқий уйи мўминнинг қалби. Дунё ва нафс ғуборларидан покланган, кўзгўдай мусаффо ҳолга келган кўнгилда.

Аллоҳ жамоли жилваланади. Аллоҳ таоло айтади: «Шундай ҳайбатим билан, азаматлигим билан, улуғлигим билан еру кўкка, аршу курсига сиғмайман, аммо битта мўминнинг қалбига сиғиб кетаман. Мўминнинг қалби назаргоҳим, жилбагоҳимдир, уни синдириб кўйманг».

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) Каъбани тавоф қила туриб шундай деганлар: «Эй Каъба, Аллоҳ таоло сенинг шаънингни шу қадар улуғ қилиб яратдики, қалбида заррача иймони бор инсон сенга қараб талпинади. Қалбида заррача иймони бор инсон сенга қараб тупурмайди, келинлар сенга қараб супурмайдилар. Дунёда жамики мусулмонлар сенга қараб туну кун ибодат қиладилар. Шунчалар улуғ бўлсангда мўминни қалби сендан устун».

Умар Ҳайём: «Лойдан бино қилинган юзта Каъба, битта кўнгилнинг ўрнини боса олмайди», деган экан.

Ислом меҳр-мурувват дини бўлиб, инсонларга меҳр-оқибатли бўлишга, дини, миллати, ирқи ва келиб чиқишидан қатъий назар, ўзаро адолатли бўлиш, иззат-ҳурмат кўрсатиш, бир-бирлари дилларига озор етказмасликка чорлашдир. Ширин сўзлик, яхши муомала инсонга фақат фойда келтиради. Илиқ сўзлар билан кўнгиллар яқин бўлиб, муносабатлар тикланади.

Қуръони каримнинг Исро сураси 53-оятида: «Бандаларимга айтинг гўзал сўзлардан сўзласинлар» – дея баён қилинган. Қўпол ва дағал сўзлар одамлар ўртасига совуқлик тушиб, нохуш холатларга сабаб бўлади. Ўйламай айтилган биргина сўз билан қалб жароҳатланади.

Мусулмон киши ҳар томонлама ибратли бўлиб, инсонларга меҳр-оқибати билан ажралиб туриши керак. Қалби пок инсон юртда осойишталик ва барқарорлиги учун, ободончилик ва тўкинчилик учун шукрона айтишга, эзгу ишларда фаол иштирок этиб, бошқаларга ўрнак бўлади, адашган ёшларга панд-насиҳат қилиб, уларни тўғри йўлга бошқаради.

Қалб ободлиги йўлида ночор ва ногиронларга эҳсон қилиш, бемор кишиларни ҳолидан хабар олиб, кўнгил сўраш, соғайишини тилаб далда бўлиш кишини улкан ажр савобларга сазовор этади. Ватанимизнинг ҳар қарич тупроғи муқаддаслиги, уни эъзозламоқ, унинг бағрида осойишталик ҳукм суриши учун ҳамма масъул экани, хушёрлик ва огоҳлик энг муҳим вазифалардан эканини ёш авлод онгига сингдирмоғиз керак.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 159-оятида: «Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, улар атрофингиздан тарқаб кетган бўлур эди» – дея Пайғамбаримиз (с.а.в.) хулқларини мақтаган. Ўзини устун қўйиб, ўзгалар манфаати ва инсоний қадр-қимматни писанд қилмаган киши ҳеч кимга ёқмайди. Юртбошимизнинг ватандошларимизга қилаётган ғамхўрликлари, яратиб берилаётган қулай шароитлар, ёшларимизга берилаётган юксак имкониятлар, барчамизга кўнгил хотиржамлиги, қалб ободлигини ҳадя этади. Ватанимиз ободлиги ва қалбимиз поклиги – юртимиз равнақидир.

Улуғбек ҚОБИЛОВ,

Сирдарё тумани «Пахтакор» жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan