МЎЪТАДИЛЛИК ҲАМ ИБОДАТ

Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълум ва маъруфдирким, ҳар қандай ишда ўрта ҳоллик, мўътадиллик, меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан, ҳам шаръан қораланиб, улардан хазар қилишга буюрилган.

 Қуръони каримда: “Қариндошнинг ҳаққини адо эт, мискин – бечораларга йўловчи – мусофирларга ҳам мурувват кўрсат, лекин сира исроф этма, зеро, исроф қилувчилар шайтоннинг биродаридир” дейилган.   

Ҳадиси шарифда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб қилинади. Жумладан: “Аллоҳнинг ноз-неъматларидан еб – ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар”  дейилади.

Тежамкорлик тўғрисида ҳам ҳадисларда келадики: “Тежамкор одам хеч қачон қашшоқлик кўрмайди”  деб айтилган.

Халқимиз мурувватли, серэҳсон меҳмондўст халқ. Тўй маросим ва маъракалари ҳозирда пишиқчилик сабаб жуда кўпайган. Бу хайр-эҳсонларни ихчам, содда ва меъёрда ўтказишлари ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш бўлмоғи лозимдир.

Зеро, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир”  дедилар.

Ҳаммаларимизнинг динимиз мусаффолиги, юртимиз ободлиги, халқимизнинг моддий ва маънавий фаровонлиги йўлида қилаётган хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи тавфиқ ва иноятлар ато этсин.

Аминжон ИСМАИЛОВ

Сирдарё тумани бош имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan