Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Энг қизиғи, ана шу барча жуфтликлар ажралмасдир, бири бирини тўлдирувчидир. Мусбат ва манфий зарралар бирлашсагина электр қувватини ҳосил қилганидай, икки акс нарса жуфтлашиб, яхлит бир комил нарсани пайдо қилади. Бирисиз иккинчисининг қадри, аҳамияти тушиб кетади. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.
Буни ҳақиқатни англаган ҳар бир оқил инсон жуфти ҳалолига ўзаро ҳурмат, самимият ва садоқат билан никоҳ риштасини авайлаб-асраб яшайди. Беайб Парвардигор, кимда камчилик йўқ? Ҳар қандай оилада ҳам келишмовчилик ва тушунмовчилик чиқиши мумкин. Уни олийжаноблик, кечирим ва яхшилик билан бартараф этиш керак.
Зеро Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, то уни ўз уйида ҳам шарманда қилади», деганлар.
Эр-хотиннинг уруши дока-рўмол қуриши, дейди доно халқимиз. Энг тез қурийдиган мато ҳам, энг нозик ва тез йиртиладиган мато ҳам – дока. Гоҳида сабрсизлик, ҳиссиёт ва ғазабга эрк бериш, оқибатини ўйламаслик натижасида никоҳ риштасини “уч талоқ” орқали узаётганлар-чи?
Имом Насоий келтирган ҳадисда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабнок ҳолда ўрниларидан туриб: “Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”, – дедилар. Ҳатто бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” – деб юборди.
Эътибор берсак, ушбу ҳадисда бирданига уч талоқ қўйган киши ҳақида хабар берилганда Пайғамбаримиз ўз сўзи ва ҳаракатлари билан бу ишнинг гуноҳи қанчалик оғир эканлигини ифодалаб бердики, ҳатто бир саҳобий уч талоқ қўйган киши ўлдирилишга лойиқ гуноҳ қилди – дея ўйлаб, “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” – деб юборган экан.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда эса: “Қайси бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишини сўраса, унга Жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади” – дейилган.
Валижон ҲАҚНАЗАРОВ
Боёвут тумани “Абу Бакр Сиддиқ”
масжиди имом-хатиби