Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир.
Мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Улуғ саҳоба Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир», деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик – эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувати қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади”, деганлар.
Инсон боласининг ўзига раво кўрган яхшиликни бошқа мўминларга ҳам раво кўриши мусулмонга хос фазилатдир. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади: «Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (Одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар» (Тавба: 71)
Ҳаётда санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлардан бахраманд бўлиб юрганимиз Аллоҳнинг бизга мехрибонлиги, марҳаматидандир. Шуни яхши англаган ҳар бир мўмин ғанимат умри давомида баҳоли қудрат, имконият даражасида яхшилик қилишга шошилиши керак.
Гулистон шаҳар
«Ат-Термизий» масжиди
имом-ҳатиби: Б.Суюнбоев