Фитналардан сақланайлик.

Ватан келажаги учун қайғурар эканмиз, фарзанд тарбиясини издан чиқарувчи турли бузғунчилар фитнасидан ёшларимизни ҳимоя қилиш, уларда бузғунчиларга қарши тура оладиган қилиб тарбиялашимиз сув ва ҳаводек зарур.

 Дунёда турли фитналар борлиги инсонни ташвишга солади. Фитнанинг ўзи нима экани ҳақида билиб олайлик. Арабча “фитна” сўзи луғатда “синов, имтиҳон” маъносида келади. Истилоҳда кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. “…Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир”… (Бақара сураси, 217-оят ).

 Исломнинг илк даврларидаёқ Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали ислом умматини  мушриклар ва мунофиқларнинг фитналаридан огоҳлантириб марҳамат қилади: “Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир (бузғунчилардир), лекин  сезмаслар ”. (Бақара сураси, 12-оят). Аллоҳ таоло мўминларни огоҳлантиряптики, айнан мунофиқлар бузғунчи ва фитначи эканини яхши билиб олинглар, лекин улар ўзларининг бузғунчиликларини сезишмайди. Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна-фасод уруғларини сочиш, дин ниқоби остида бегуноҳ одамларга зулм ва молига тажовуз қилиш, уларнинг инсониятга қарши қаратилган энг мудҳиш жиноятлардир. Террор, бузғунчилик, зулм, урушлар, одамларнинг жабр-ситам кўришларига сабаб бўлувчи барча тажовузкорликларни динимиз қоралаган. Аллоҳ таоло мўминларга тинчлик ва адолат ўрнатишни, одамлар орасини ислоҳ этишни, барчага бирдай яхшилик ва эзгулик қилишни буюрган, ҳар қандай зўравонлик ва бузғунчиликни тақиқлаган. Бузғунчи кимсалар ҳамиша инсонлар, қабилалар ўртасига фитна  солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишади. Фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам улкан гуноҳдир. Аммо жоҳил ва урушқоқ бузғунчилар жуда кўп марта Аллоҳ таолонинг буйруқларига қарши бориб, турли фитналар чиқариб, минглаб бегуноҳ одамларнинг улумига сабаб бўлган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳлантирган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”. (Имом Муслим ривояти).

Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ва қиёфаси ўзгарди. Жаҳондаги ёвуз кучлар мусулмонлар бирлигига путур етказиш мақсадида мусулмонлар ўртасида фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқдалар. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб, ҳамма ерда фитна уруғини сочишмоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам бу хатарли фитналар таҳликасидан омонда қолишаётгани йўқ. Мустақилликдан сўнг турли бузғунчи фирқа ва оқимларнинг мусулмонларимиз бирлиги ва эътиқоди мусаффолигига қарши қаратилган хуружи бўлди, турли террорчилик ва бузғунчилик ҳаракатлари ҳам содир этилди. Алҳамдулиллоҳ  ҳукуматимиз тамонидан тегишли ташкилотларнинг саъй-ҳаракати билан барча бузғунчи тудалар ошкор булди ва уларнинг фаъолияти тохтатилди ва қонун асосда тегишли жазо олишди.

 Имкониятдан фойдаланиб, бузғунчиларнинг яна бир катта фитнасидан халқимизнинг огоҳлантиришга тўғри келади. Ҳозирги ғоялар кураши даврида қўпорувчилик ва миссионерлик ҳаракатлари ниҳоятда кучайди, улар ўз таълимотларини муросасизлик ва зўравонлик билан тарғиб қилишмоқда, бу йўлда ҳар бир имкониятдан фойдаланишмоқда. Мақсадлари, мусулмонлар орасига фитна солиш, уларни пароканда қилиш, мамлакатлар ва халқларни бўлиб ташлаб, бир-бирига қарши қилишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳозирги пайтда яна бир фитна ҳақида гапирмаслик ҳам дин ва миллатга хиёнат саналади. Бу ҳам бўлса, дунёдаги мустамлакачи кучларнинг маънавий бўшлиқдан фойдаланиб юртимиз ёшлари онгига маънавиятимиз ва ахлоқимизга бутунлай ёт бўлган ва энг хатарли иллатларни ўз ичига олган “оммавий маданият”ни сингдиришга катта фитналарга сабаб бўлмоқда. Ёшларни худбин ва лоқайд кимсаларга айлантириш, ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни тарғиб қилиш, бир жинслар никоҳи, зино, гиёҳвандлик, бузуқлик, нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлса ҳам фақат бойлик орттиришга интилиш, оилани тан олмаслик, кўнгил истаган ишларни қилиш орқали “эркин бўлиш” каби зарарли иллатларни ёйишни асосий мақсад қилиб олган бу “маданият” жамиятдаги маънавий ҳаётни издан чиқаради, ёшлар ахлоқига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Бундан бир аср муқаддам атоқли ўзбек маърифатпарвари Абдурауф Фитрат: “Кимки бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади”, деган эди.

Бундай фитналардан мамлакатимиз мусулмонлари ҳам ниҳоятда огоҳ бўлишлари лозим. Бугун инсоният ғоявий урушлар, маънавий зиддиятлар, бир ҳовуч зўравон ғояларнинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган бир вазиятда яшаяпти. Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Мусулмонлар бундай шароитларда ҳар қачонгидан ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлидан қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.

Энг аввало юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни қадрига етиб унинг шукронасини қилиб, тинчлик ўз-ўзида осонликча бўлмаслигини унитмаслигимиз ва буни авлодларимизга етказишимиз даркор.

А.Исмоилов
Сирдарё тумани бош имоми
“Янги-ҳаёт” жоме масжиди имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan