Барчамизга маълумки Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги 2017 йил 7 февральдаги ПФ-4947 сонли Фармони қабул қилинди. Фармонда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси баён этилган бўлиб, унинг мақсади юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдир. Дастурнинг бешинчи йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашдан иборат.
Сирдарё вилоятида ҳам дастур ижросини таъминлаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, диний экстремизм ва ақидапарастлик, миссионерлик, гиёҳвандлик, ўз жонига қасд қилиш, эрта турмуш қуриш, ажримлар ва турли жиноятчиликларни олдини олиш, фарзанд тарбиясида ота-она ва жамоатчиликнинг масъулиятини янада ошириш каби долзарб масалаларга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз мустақилликка эришган кунлардан бошлаб халқимизнинг орзу-умидлари амалга ошди, қадриятлари тикланди. Масжид, мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади. Маънавиятимиз асосларини, аждодларимиз қолдирган бой илмий меросни ўрганишга, тарғиб қилишга, зиёратгоҳларни ободонлаштиришга, она тилимиз равнақига кенг шароит яратилгани миллий тараққиёт учун қудратли омил бўлди.
Халқимизга хос бўлган диний бағрикенглик туфайли юртимизда турли дин вакиллари ёнма-ён, тинч-тотув яшаб келмоқда. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилиб, бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этиши чин маънодаги бағрикенгликдир. Бу фазилат халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Юртимизда қадимдан кўп миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда.
Мамлакатимизнинг биринчи Президенти: «Башарият мураккаб тараққиёт жараёнини бошдан кечираётган бир пайтда диний бағрикенглик, турли динларга мансуб халқлар ўртасидаги мулоқот ва амалий ҳамкорликни кучайтириш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда», деб таъкидлаган эдилар.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди. Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ҳамда бурчлари аниқ-равшан белгилаб қўйилди. Кўпмиллатли давлатимизда миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг асосий шарти қилиб белгиланди.
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мамлакатимизда қурилаётган демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири саналади. Зотан, бағрикенглик фуқаролар орасида тотувликни таъминлайди, жамиятда табиий равишда учрайдиган ижтимоий фарқларнинг кескинлашувига, ижтимоий низоларнинг юзага келишига йўл қўймайди. Бугун нафақат юртимизда, балки бутун Ер юзида диний бағрикенглик, конфессиялараро ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш асосий ҳаётий тамойилга айланмокда.
Бугун диний бағрикенгликни, мамлакатимизда тинчлик, барқарорликни янада мустаҳкамлашда турли конфессияларнинг тарихи, таълимоти, уларнинг жамият ривожидаги аҳамиятини ўрганиш катта назарий ва амалий аҳамиятга эга. Айнан бағрикенглик, сабр-бардошли бўлиш келиб чиқиши мумкин бўлган кўпгина ихтилофларни бартараф этувчи омиллардан саналади.
Маълумки, диний бағрикенглик ғояси – турли динларга эътиқод қилувчи кишиларнинг бир замин, бир ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни англатади. Қадим-қадимдан дин аксарият миллий қадриятларни ўзида мужассам этиб келган. Миллий қадриятларнинг асрлар оша безавол яшаб келаётгани ҳам диннинг ана шу табиати билан боғлиқ. Чунки самовий динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, яхшилик, тинчлик, дўстлик каби фазилатларга таянади. Одамларни ҳалоллик, поклик, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка чорлайди.
Ўзбекистонда Ислом динининг инсонпарварлик фалсафаси, буюк ғоялари ёш авлод юрагидан жой олишига барча шароит яратиб берилган. Бошқача қилиб айтганда, фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбияланмоқда.
Мамлакатимиз сингари Сирдарё вилояти ҳам кўп миллатлидир. Вилоятимизда 70 дан ортиқ миллат вакиллари тотувликда, ўзаро ҳурматда ҳаёт кечиришмоқда. Сирдарёнинг энг катта бойлиги шу ерда яшаётган фидоий инсонлардир. Сирдарё инжиқ табиатига қарамасдан, иродали ва энг муҳими меҳр–оқибатли инсонлар ватанига айланди. Сирдарёда инсонларнинг миллати, диний эътиқодидан қатъий назар ҳақиқий инсоний дўстлик муҳим аҳамиятга эга. Бизда инсонга унинг миллатига қараб эмас, авваламбор, унинг одамийлигига қараб баҳо беришади ва шунга қараб муносабатда бўлишади.
Сирдарёни ўзлаштиришда ўзбек Ғанишер Юнусов, Турсунбой Латипов, Лола Эрбўтаева билан бир қаторда қирғиз Саттор Усмонов, Аҳмад Қулбеков, қозоқ Қинибек Укубоев, рус Иван Андреевич Бездетний, тожик Ниёзхол Қодиров сингари меҳнат қаҳрамонлари елкама-елка туриб меҳнат қилганлар. Бир вақтлар Мирзачўл бўлган бугунги Гулистон, том маънода, номига муносиб турли миллат вакиллари дўстлиги тимсолидир.
Сирдарёда бугунги кунда истиқомат қилаётган миллатлар ўзларини ҳеч кимдан кам эмасликлари ва бу ерда ўзларини тўла ҳуқуқли деб ҳис қилишлари учун имкон даражасида шароитлар яратилган.
Кўп миллатли вилоятимиз аҳолиси ичида мусулмонлар, православлар, католиклар, яхудийлар, корейс-протестантлар, арман апостол черкови вакиллари ва бошқа конфессиялар аъзолари бўлиб, уларнинг диний эътиқодига ҳеч қандай монелик йўк, аксинча, уларнинг виждон эркинлигига доир хуқуқларидан фойдаланишлари учун қонун доирасида барча имкониятлар яратиб берилмокда. Жумладан, бугунги ҳолатга кўра вилоятда жами 82 та диний ташкилот руйхатга олинган бўлиб, уларнинг
74 таси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги ва унинг тасарруфидаги масжидлар, қолган 8 тасини ноисломий диний ташкилотлар, яъни Корейс-протестант, Рус-православ ва Тўлиқ Инжил христианлари черковлари ташкил этади.
Миллатларларо муносабатлардаги ибратли кўринишлар юртимизнинг яхши кунларида, байрамларда айниқса, яққол кўзга ташланади. Наврўз байрами ва Мустақиллик байрамида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ажойиб тадбирлар ташкил этилади. Уларда турли миллат вакиллари фаол иштирок этишади, айниқса, миллий-маданий марказлар байрамга алоҳида тайёргарлик кўришади. Рус, Корейс, Азарбажон миллий-маданий марказлари ўзларининг миллий либослари, таомлари, кўй-қўшиқлари ва бошқа ўзига хос ананаларини намойиш этишади. Қозоқ ва қирғиз миллий-маданий марказлари қадимий анъаналарига кўра ўтовлар тикиб, безатишади, барчани миллий таомлар билан тўла дастурхонга таклиф этишади. Бахшилар дўмбира чертиб, мустақил юртимиздаги бахтли ва фаровон турмушни мадҳ этишади. Ёшлар эса катталардан дўстликни қадрлаш, ўзаро ҳурматда аҳил яшаш, шу муқаддас заминга садоқатли бўлиш, унга чин юракдан сидқидилдан хизмат қилиш каби фазилатларни қалбларига сингдириб, уларни намойиш этадилар.
Ўзини англаган, ўзини ва бошқаларни ҳурмат қилган ҳар бир миллат ва элат вакили ҳамжиҳатликда яшаб, меҳнат қилиб, ижод этиб, ҳамиша эзгуликка, яхшиликка хизмат қилишга интилаверади.
Мўминжон Усмонов
Сирдарё вилояти бош имом-хатиби