Хотира – юксак қадрият

Истиқлол шарофати билан халқимизнинг шаъни, қадр-қиммати, ғурур-ифтиҳори, маънавияти ва миллий қадриятлари қайта тикланди. Мустабид тузумнинг турли даврларида қатағон қилинган юзлаб юртдошларимиз, юртимизнинг фидойи фарзандлари хотираси тикланиб, уларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Бундай савобли ва ҳайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Ватан озодлиги, юрт тараққиёти йўлида жонини фидо қилган аждодларимизни хотирлаш, уларнинг руҳи покларини шод этиш эзгу амаллардандир. Ҳар йили 9 май Хотира ва қадрлаш куни ва 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида мамлакатимизда кенг нишонланиб келмоқда.

Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Шахидлар хотираси”ёдгорлик мажмуаси мустабид тузум даврида зулм ва тажовуз қурбони бўлган минглаб Ватандошларимиз хотирасига кўрсатилган улкан эҳтиромнинг бир намунасидир. Бундай мўтабар масканларни зиёрат қилиш киши руҳини поклайди, эзгуликнинг абадий экани ҳақида фикр қилишга ундайди. Айни чоғда шундай зиёратгоҳлар ва қадамжолар бугунги тинч ва хотиржам ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синовлар ва машаққатлар эвазига эришганимизни ёш авлодларга англатадиган, уларнинг қалби ва онгига миллий истиқлол ғоясини янада чуқурроқ сингдиришга хизмат қиладиган маънавият ва маърифат масканидир.

Тирикларни, боримизни, дийдоримизни ғанимат билиб бир-биримизни қадрлашимиз, ўтганларимизни бизлардан дуо умидида ётганларни миллату мамлакат, дину диёнат, она юрт учун хизмат қилиб ўтиб кетганларни хотирлашимиз бизларнинг инсоний бурчимиз, иймоний вазифамиздир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари  имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”

Ушбу ояти каримада ўтганлар билан қандай муомалада бўлишимиз лозим ҳам тириклар билан қандай муомалада бўлишимиз кераклиги баён этилмоқда. Имом Абу Жаъфар Таховий айтганларидек, Аллоҳ таоло тирикларнинг марҳумлар ҳақига қилган дуоларини албатта қабул айлайди. Тирикларнинг ўтганлар ҳақига берган хаййр-эҳсонларини қабул айлаб улар учун охират озуқаси қилади. Аллоҳ дуоларни қабул қилувчи, даражаларни кўтарувчи ва ҳамма нарсага қодир зотдир.

Бу она юрт, бу улуғ ватан ва бу муқаддас тупроқ устида қанчадан қанча улуғ инсонларнинг жисмлари юрди. Унинг остида не не улуғларнинг ётибди. Мозийга қараб иш қўрмоқ хайрлидир.

Ўтганларни доимо яхши сифатлар билан эслаш ҳам бурчимиздир. Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ (саллолоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларни ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”. Биз ўтганларимизни руҳларини шод этиб, уларни қанчалик кўп хотирласак ва уларнинг ҳақига дуо қилсак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар.

Бу ҳақда ҳадиси шарифда: “Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз сизларга яхшилик қилишади” – дейилган.

Динимиз таълимотларига кўра, қабрларни зиёрат қилиш эзгу амаллардан ҳисобланади. Пайғамбар (алайҳис-салом): “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у зиёрат туфайли фоний дунёдан зоҳидроқ ва охиратни эсловчироқ бўласизлар” – деганлар. Қабристонга борганда киши дунё ишларини унутиб, охират ҳақида тафаккур қилиши, қабрда ётганларнинг ҳолати ҳақида ўйлаши, ўзининг қанча хайрли ишлар қиляпти-ю, қанча хато-гуноҳларга йўл қўймоқда экани ҳақида фикр юритиши, Қуръони каримдан тиловат қилиб, савобини марҳумларга бағишлаши ва уларнинг ҳақига дуо қилиши керак.

Ботир НОСИРОВ

Ховос тумани «Ҳуснобод» масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan