Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўлимидан 3 кун олдин шундай деганларини ривоят қилади, у зот: “Ҳеч бирингиз Аллоҳдан яхши гумон қилмасдан ўлмангиз”, дедилар. Ҳар бир мўъмин банда ҳам ҳато қилади, гуноҳ қилади, камчиликка йўл қўяди, лекин шунга қарамасдан ҳеч қачон Аллоҳдан ноумид бўлмаслиги керак. Аллоҳнинг раҳмати кенг, ўша раҳматидан умидвор бўлган ҳолатда Аллоҳнинг ҳузурига бориши керак экан.
Айниқса умрларининг охирида Аллоҳдан яхши гумон, яхши умид қилиш керак экан. “Бўлди, энди бўларим бўлди, Аллоҳ мени кечирмайди, мен барибир дўзахга кираман”, дейишга ҳеч бир мўъминнинг ҳақи йўқ экан.
Мана пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтган қудсий хадисда ҳам Аллоҳ айтади: “Мен бандамни гумонидаман”, яъни “Бандам мендан нимани гумон қилса, ўша гумонига яраша бераман” – деганидир. Яъни Аллоҳ ўзи ҳоҳласа мени кечиради, қилаётган амалимни камчилиги билан бўлса ҳам қабул қиляпти, деган маънода ҳам бўлишлиги керак экан. Лекин бу Аллоҳнинг раҳматидан умидворлик ҳеч қачон банданинг амал қилишда сусткашликка, дангасаликка йўл қўйиши, гуноҳлардан бемалол тап тортмасдан қилавериши ёки қилиши лозим бўлган, Аллоҳ таоло унинг зиммасига юклаган вазифаларига сусткашлик қилишга йўл қўйиши мумкин, дегани эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Агар уларнинг гумони, умиди яхши бўлганда, гумони чиройли бўлганда, амали ҳам чиройли бўлар эди”, деганлар.
Демак, мўъмин инсон камчиликка йўл қўйсада, Аллоҳнинг раҳматидан умид қилади, аммо шунга яраша ҳаракат ҳам қилади.
Ибн Атоуллоҳ Ас-Сакандарий айтадиларки, “Банданинг амалига таяниб қолганлиги белгиси ундан хато-нуқсон содир бўлганда ноумидликка тушиб қолишлигидир”, дейди. Яъни хато қилганда ҳеч қачон инсон ўзини йўқотиб қўймаслиги, қандай гуноҳ қилган тақдирда ҳам тавба қилиб тезда ўзини ўнглайди, лекин ноумид бўлиб ўзини йўқотиб қўймаслиги керак экан.
Худди шундай яхши амални кўп қилса, жуда шу амалига суяниб, “Бўлди энди, Жаннатга биз кирмасак, ким киради”, дегандек ғурурланиб, амалига таяниб, мени амалим жаннатга киритади деган гумонда ҳам бўлиб қолмаслиги керак.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганлар: “ Хеч бирингизни амалингиз жаннатга киритмайди”. “Сизни ҳамми, ё Росулуллоҳ?!” деб сўралганида, “Мени ҳам Аллоҳ ўзини раҳмати билан ўраб олмаса, сийламаса” деб жавоб берган эдилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзини раҳматидан, фазли карамидан, мағфиратидан баҳраманд айласин.
Абдували Ҳақназаров
Баёвут тумани “Абу Бакр Сиддиқ”
масжиди имом-хатиби.