Рамазон таровати

Аллоҳга бехисоб шукроналар бўлсинки, ўн бир ойнинг султони, раҳмат ва мағфират, Қуръон нозил бўлган баракотли рамазон ойининг рўзаларини тутиб, кечаларини қоим қилиш учун таровеҳ намозларини кўтаринки руҳда адо қилмоқдамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида рамазонннинг улуғ ой эканлиги, бу ойда Қуръон нозил қилинганлиги ва бир кечаси минг ойдан улуғ бўлган қадр кечаси борлигини баён қилган.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин”. (Бақара сурасининг 185-ояти)

Яна бошқа оятда: «Албатта, Биз уни Қадр кечаси нозил қилдик. Қадр кечаси нима эканини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшидир». (Қадр сурасининг 1-3-оятлари)

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом ҳам рамазон ойининг улуғлиги ва савоблари ниҳоятда кўплиги ҳақида айтиб ўтганлар. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу айтади:  «Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни зикр қилиб туриб: «Албатта, Рамазон Аллоҳ рўзани фарз қилган ойдир. Мен мусулмонларга унинг қиёмини (тунги ибодати) суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса, қиёмини адо қилса, ундан онаси туққан кундек гуноҳдан пок бўлиб чиқади», дедилар». (Ибн Хузайма ривояти)

Жонажон юртимиздаги барча масжидлар каби бизнинг масжидимиз жамоаси ҳам рамазон ойига катта иштиёқ ва хурсандчилик билан тайёргарлик кўрди. Масжид атрофлари хонақоҳ ва ховлилар тозаланиб, масжидга ибодат қилиш, кечалари таровеҳ намозларини ўқиш учун келадиган намозхонларга барча шароитлар яратиб қўйилди. Ҳар йилгидек юртимиздан етишиб чиқган мураттаб қориларимиз бир ой давомида масжидларда хатми Қуръонлар қилиб қалбларимизнинг янада илоҳий ва маънавий озуқа олиш учун хизмат қилмоқдалар. Шулар қатори бизнинг масжидда вилоятимиздан етишиб чиққан мураттаб қориларимиздан Азимов Абдусамад ўзининг чиройли овоз ва қироатлари билан Қуръони каримни тўлиқ ўқиб бердилар. Намозхонларимиз кўтаринки руҳда хатми Қуръонларда иштирок этиб, шундай эмин эркин ибодат қилишимизга шароитларни яратиб берган муҳтарам Юртбошимиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ва вилоятимиз бош имом-хатибига ўз миннатдорчиликларини билдириб, қалбдан дуолар қилишмоқда.

Илоҳим, жаннатмакон юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз ҳаёти янада фаровон бўлиб, рамазон ойидаги барча қилаётган ибодат ва хайрли ишларимизни Аллоҳ беҳисоб савоблари билан мукофотласин!

МУРОДЖОН МИРСОАТОВ

Сирдарё туман “Аҳмад Яссавий” масжиди имом-хатиби  

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan