Аср вабосидан огоҳ бўлинг!

Аллоҳ таоло инсонни энг азиз ва гўзал суратда яратган ва унга кўп неъматларни ато этиб  барча ёмонликлардан узоқ бўлишига, яхши амалларни қилишга ва покиза нарсаларни истеъмол қилишга буюрган. “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз!” (Моида сураси, 88-оят).  Инсонни ички ва ташқи дунёси гўзал ва соғлом бўлиши ва  ўлимга олиб борувчи барча турдаги гиёҳвандлик каби иллатлардан ўзини сақлаши вожибдир. Чунки Аллоҳ таола Қуръони Каримда: “…Ўз Қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”, деган. (Бақара сураси, 195-оят).  

Дорилар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва шифокорлар савияси қанчалик яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги устида қайғурмаса, кутилган натижага эришиб бўлмайди. Гиёҳвандлик давосиз балодир. Саломатлик эса бебаҳо неъматдир. Бироқ буни гиёҳвандликка мубтало бўлганлар англамайдилар. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон ҳаётига нуқта қўяди ва  мамлакат тараққиётига ҳам  салбий таъсир кўрсатади.

Шунинг учун бу иллат ёмонликлари ҳақида билиб, гиёҳвандлик балосию вабосидан ҳазар қилайлик. Барча маст қилувчи, одам ақли-ҳушини карахт қилувчи нарсалар, шу жумладан гиёҳвандлик ҳаром қилинган. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса ҳаромдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса “ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”(Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади.

Гиёҳванд бўлган кишиларда биринчи бўлиб ички аъзолари ишдан чиқади, сўнг ёшига нисбатан катта кўринади, сочлари тўкилади, инсонни ўта ялқов, ғайратсиз, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади,  оқибатда эса юрак хасталигидан вафот этади. Мутахассисларнинг айтишича, гиёҳванд моддаларни тинимсиз истеъмол қилувчи оилаларда дунёга келган болаларнинг деярли ҳаммаси ногирон бўлиб туғилади. Ўзлари  эса ўпка саратони, асаб, бўғма касалликлари билан оғриб, ҳаётдан эрта кетадилар. Гиёҳванд шахслар хумори қўзғаганда дозасини олиш учун уйидаги бор-йўғини сотади. Охир оқибат жиноят йўлига киради. Жамиятда юз бераётган қотилликлар, босқинчиликлар, ўғирликлар, оилаларнинг бузилиб кетиши гиёҳвандлик оқибатида рўй бермоқда.

Инсон зоти бангичилик, гиёҳвандлик каби иллатлар билан ўзини-ўзи заҳарлаши ўз жонига қасд қилганлик билан баробардир. Бу ҳақда Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”. Ушбу ҳадиси қудсий мазмунига кўра, ўзини-ўзи ўлдирган киши жаннатга кирмайди.

Исломда динида гиёҳвандлик улкан гуноҳ ҳисобланади. Лекин, минг афсуслар бўлсинким  айрим инсонлар ўткинчи ҳою-ҳавасларни деб гиёҳвандлик йўлини тутмоқдалар. Ҳозирги вақтда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган иллатлардан бўлиб турибди. Бежизга у “аср вабоси” деб ном олмаган. Гиёҳвандлик инсонни хорликка ва расволикка етакловчи иллат бўлиб оилага ҳам зарар етказади. Оила эса жамиятнинг асосий бўғинидир. У соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади. Ислом динида “Гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам ҳаром қилинган”.Гиёҳванд моддаларни ёшларимиз ичида тарқатаётганларнинг жазоси бу дунёда хорликдир,  охиратда эса дўзахга гирифтор бўлишликдир.

Бундан ташқари гиёҳвандлик бутун дунёда катта муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки, у барча мамлакатларда қўпорувчилик, террорчилик ва бошқа оғир гуноҳларнинг келиб чиқиши ҳамда уларни молиялаштиришга сабаб бўлмоқда. Бангиликни илдизи билан йўқ қилиш учун илм ва самарали усуллардан фойдаланишимиз керак.

Доно халқимиз: “Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ!”, дейди.

Юртимизда барча турдаги гиёҳвандликка қарши кураш олиб борилмоқда. Дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва кашандаликка қарши кураш олиб бориш инсониятнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Барчани яна бир бор гиёҳвандликка қарши курашда ҳамкорлик қилишга чақирамиз. Жамият учун балою-офат бўлган бангиликни Сизу биз, ота-оналар, ёши улуғлар панду насиҳатларимизни ўсиб келаётган жондан азиз фарзандларимиздан аямаслигимиз, уларни гиёҳвандлик йўлига кириб қолмаслиги учун доимо назорат қилиб боришимиз, илм-ҳунар ўргатишимиз, жисмоний меҳнат ҳамда спорт билан шуғулланишига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлади. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кучли, бақувват мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”, деганлар.

Шунинг учун ёшларни гиёҳвандлик ва ахлоқсизликдан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги лозим.

Аллоҳ таоло фарзандларимизни гиёҳвандлик балосидан Ўзи асрасин!

Аминжон Исмаилов

Сирдарё тумани бош имоми ва

 “Янги-ҳаёт” жоме масжиди имом-хатиби

 (Жума мавъизалари асосида тайёрланди)

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan