ИЛМ АҲЛИНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛИШНИНГ ХАТАРЛАРИ

Илм аҳлларини кўзга илмаслик, менсимаслик, уларнинг обрўсини тўкиш ҳаракатлари аслида дин душманларининг ишидир. Ҳақ йўлдаги дин олимлари шаънига дахл қилиб обрўсини тўкиш ўта хатарли иш бўлиб, бу динга қарши чиқиш билан баробардир. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматулоҳи алайҳ : “Олимларнинг гўшти заҳарлидир. Ҳидлаган касал бўлади, еганлар эса ўлади!”деб айтган эканлар.

Аҳли сунна вал-жамоада илм аҳллари ҳақида фақат яхши гумонда бўлиб, яхшилик билан тилга олишга чақирадилар. Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ақийда” китобида шундай дейилган:

 “Собиқ салафлар ва кейинги тобеинлардан иборат аҳли илмларнинг ҳаммаси хайр, ривоят, фиқҳ, ва назариёт эгалари эди. Уларнинг номлари фақатгина яхшилик билан тилга олинади. Ким улар ҳақида номаъқул гап гапирса, унинг ўзи нотўғри йўлдадир.”

Абдуллоҳ ибн Муборак аҳли илмларни менсимаслик ҳақида шундай деганлар:

“Олимларни менсимаган кишининг охирати кетади, амирларни менсимаганлар дунёсидан айрилади, дўстларини менсимаганларни эса муруввати кетади.”

Имом Аҳмад ибн ал-Азраъий айтган экан:

“Илм аҳлининг ортидан, айниқса катта олимлар ортидан фисқ-фасод гап тарқатиш гуноҳи азимдир”.

Олимлар шаънига беадаблик қилганларнинг хотимаси хунук бўлиши катта эҳтимол билан ҳақиқат, Аллоҳ шундан сақласин!

Бир олим ортидан ёмон гапларни тарқатиб, одамларга нотўғри маълумот бериб ўлган инсонга ўлимидан кейин ҳам ўша ёмонлиги тинимсиз бориб туради. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам

 “Кимки бирор ёмон одатни пайдо қилиб кетган бўлса, унга ўша иш гуноҳи ва унга амал қилганларнинг гуноҳидан ҳам бир улуш бориб туради”, деб марҳамат қилганлар. Аллоҳ сақласин.

Сирдарё туман «Ахмад Яссавий» жоме масжиди имом хатиби  Мирсоатов М.