Қабристон зиёрати кўнгилни юмшатади, виждонни уйғотади, қалбдаги ёмонликларни бартараф этади. Муқаддас Ислом динимизда ҳаётимизнинг барча жабҳаларига таъллуқли бўлган таълимотлар мукаммал баён этилган. Табиийки, биз мавзу қилиб олган, ўтганларни хотирлаш, улар дафн этилган қабристонларни зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига яхши дуолар қилишимиз борасида ҳам, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга асосланган таълимотлар, кўрсатмалар, ахлоқ одоблар мавжуд. Хеч бир инсон йўқки, марҳумларга эътиборсиз бўлган. Ҳар бир инсон эътиқоди ва диний мансублигидан келиб чиққан холда, ўз қарашларига эга.
Биз мусулмонлар ҳам дунёдан ўтган аждодларимиз ҳаққида, юқорида айтилганидек, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга мувофиқ муносабатда бўламиз ва шундай бўлишга интиламиз. Бу борада Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда шундай дейди.
«Улардан ( мусулмонларнинг) кейин келганлари: «Эй роббимиз , бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нисбатан ғилли ғаш қўймагин. Эй Роббимиз, албатта , Сен шафқатли ва мехрибонсан», дерлар» (“Ҳашр” сураси, 10-оят).
Дунёдан ўтган аждодларимиз, қариндош уруғларимиз дафн этилган қабристонларга бориб, уларнинг ҳақларига Қуръон тиловат ва дуолар қилишимизда, қабристон аҳллари бахраманд бўлади ва биз тириклар учун ҳам, жуда кўп руҳий манфаатлар бор.
Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади.
Набий соллаллоҳу алайхи васаллам: «Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки улар сизларга охиратни эслатади», дедилар. (Имом Термизий ривояти)
Албатта, мусулмон киши барча қилган яхши амаллари учун Аллоҳ таолодан ажрини умид қилади. Қабристонга бориб, у жойда ўзига керакли ибрат олиши ва охират ҳақида мушоҳада қилиши, у инсоннинг бу дунёда кўпроқ яхши амалларни қилишига сабаб бўлади. Марҳумларни хотирлашда Аллоҳ таъолонинг розилиги қасд қилиниши шарт. Ана ўшанда биз тириклар учун ҳам, марҳумларимиз учун ҳам манфаатли бўлади. Бунинг учун муқаддас динимиз кўрсатмаларига асосланадиган бўлсак, кўзлаган мақсадимиз хосил бўлади. Аксинча, ортиқча дабдаба, бидъат хурофат билан бажариладиган бўлса, бунда нафақат савоб, балки гунохкор бўлиб қолишимизга сабаб бўлиб қолади.
Юртбошимиз бошчилигида аждодларимиз қўним топган зиёратгоҳ ва қабристонларнинг обод бўлишига алоҳида эътибор қаратилиб, кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, бу барчамизнинг бурчимиздир. Қабристонларимизнинг ташқи кўринишини обод қилишга эътиборимизни қаратиш билан бирга, марҳумларни хотирлаганимизда ва қабристонларга зиёратга борганимизда, биз тирикларнинг зиммамиздаги ҳақларини ихлос билан адо этишимиз, қабристонларга кирганимизда кулишдан, баланд овозда гаплашишдан, ортиқча ҳаракатлардан тийилиб, ахлоқ одобни ўзимизга лозим тутсак, қабристонларимизнинг ҳар тамонлама обод бўлишига ўз хиссамизни қўшган бўламиз.
Минг шукрлар бўлсинки юртимиз тинч ва мана шу тинчлик деган неъмат шарофатидан Ўзбекистон деб аталмиш ватанимизда, нафақат, тинч омон яшаб турган ҳар бир инсон азиз ва мукаррам, балки ушбу она юртимизда яшаб ўтган ва шу заминга меҳнати сингган, озодлиги учун курашган, қўйинки турли соҳаларда ўз хиссасини қўшган барча дунёдан ўтган марҳумлар азиз ва мукаррамдир. Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ таоло ҳаммаларини мағфират қилсин. Диёримизда истиқомат қилиб келаётган барча ватандошларимизнинг ризқи бут, умрлари узоқ бўлсин.
Сирдарё вилоят вакиллиги ўринбосари Султон домла Жангиров