ФАРЗАНД — АЛЛОҲ БЕРГАН ОМОНАТДИР!

Ислом динида фарзанд Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган улуғ омонат ҳисобланади. Уни асраб-авайлаш, меҳр кўрсатиш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шаъни ва қадр-қимматини асраш ҳар бир инсоннинг муҳим бурчидир. Болаларга зулм қилиш, уларнинг ҳақларини поймол этиш, бегуноҳлиги ва ишончига хиёнат қилиш динимиз таълимотларига мутлақо зиддир.

Расулуллоҳ ﷺ марҳамат қилганлар:

مَنْ لَا يَرْحَمْ لَا يُرْحَمْ

«Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.)

Афсуски, Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги боғчада беш ёшли қизалоққа нисбатан содир этилгани ҳақидаги мудҳиш хабар бутун жамоатчиликни чуқур изтиробга солди. Бу воқеа ҳар биримизни болалар хавфсизлиги, уларнинг дахлсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига янада жиддий қарашга ундайди.

Мазкур ҳолатга Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг шахсан эътибор қаратиши, жабрланган қизалоқ ва унинг оиласини қўллаб-қувватлаш ҳамда болаларга қарши бундай жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш масалаларини кўтариши алоҳида аҳамиятга эга.

Бу эътибор давлатимизда инсон қадрини улуғлаш, болалар ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган сиёсатнинг амалий ифодасидир. Зеро, давлатнинг инсонпарварлиги, энг аввало, ҳимояга муҳтож инсонлар, айниқса, бегуноҳ болалар тақдирига бўлган муносабатида намоён бўлади.

Шу билан бирга, боғча ва мактабларда хавфсизлик чораларини кучайтириш, масъулларнинг жавобгарлигини таъминлаш, бундай фожиаларнинг олдини олиш барчамизнинг умумий вазифамиздир. Ҳар бир бола ўзини хавфсиз ҳис қилиб яшаши ва таълим-тарбия олиши шарт.

Фарзандни асраш — келажакни асрашдир. Болаларга меҳр кўрсатиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳар қандай зўравонликдан асраш нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг маънавий ва инсоний бурчидир.

Аллоҳ таоло барча фарзандларимизни Ўз паноҳида асрасин, юртимизда тинчлик-хотиржамликни бардавом этсин!

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби
Ҳабибуллоҳ домла Зокиров