БОРИГА ШУКР ҚИЛИНГ

Муборак динимизнинг илоҳий кўрсатмаларида неъматларга шукр қилиш борасида кўплаб кўрсатмалар келган. Аллоҳ таъоло берган неъматлар қадрини билиб, ўз ўрнида шукронасини қилган бандаларга неъматларини яна ва яна зиёда қилиб беришини ваъда қилган. Бунинг акси бўлмиш ношукрлик сабаб банда кўп неъматларни қўлдан бой бериб, натижада вақтида қадрига етмаган неъматлар учун қолган ҳаётини афсус ва надоматлар билан ўтказиши ва муҳтожликка мубтало бўлишини ҳам кейинги оятларда баён қилган.
Демак ким шукрона қилишда давомли бўлса, унга келаётган неъматлар ҳам давомли бўлади. Аммо ношукрчиликка ўтса, неъматлар ҳам камаяди.
Азизлар биз шукр қилишни ўтган аҳли солиҳ аждодларимиздан ўрганмоғимиз керак. Улар ҳар бир ишда бизларга ўрнак ва намуна бўлганлари каби бу бобда ҳам улардан кўп хайриятларни ўзимизга касб қиламиз.
Бишр Баянунийдан ривоят қилинади: “Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтардилар: “Нимагаки эришган бўлсам, ҳамд айтиш ва шукр қилиш билан етишдим”, дедилар.
“Қалбга таскин битиклар” китобида шундай ёзилади: “Одам бахтли бўлиш учун тақдирдан рози бўлишни ўрганиши керак. Агар тақдирдан рози бўлмасанг, борига қаноат қилмасанг, қасрларда ҳам ҳаловат топмайсан. Агар розилик билан қаноатинг бўлса, кулбада ҳам роҳат қиласан. Доим тақдирдан рози бўлинг,  борига қаноат қилинг!”
Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Одоблар хазинаси” китобида ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак ҳадисларини келтириб, уни қуйидагича шарҳлайдилар: “Ким ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик таоми бўлган ҳолда тонг оттирса, худди унга бутун дунё жамлангандек бўлади”, – дедилар.
Демак, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим нарсани айтиб ўтибдилар: бири – омонлик, тинчлик, иккинчиси – соғ-саломатлик, учинчиси – етарли таом. Бу дунёда инсоннинг энг яхши ҳолати мана шу уч нарсага эга бўлган ҳолати экан. Шунга эришган одам “аҳволим ниҳоятда яхши” деб шукр қилиб юрса бўлади. Кишининг уйига, оиласи, бола-чақасига биров хавф солмаса, тинч-хотиржам бўлса, соғ-саломат бўлса, дарди йўқ бўлса, ейдиган таоми бўлса, бундай одам ниҳоятда улуғ бир бахт-саодатга эришган бўлар экан. Биз буни жуда чуқур тушуниб етишимиз керак.
Мазкур ҳолатнинг ўзимизда бўлиши Аллоҳ таолонинг улкан неъмати эканини англаб етишимиз ва Унга шукрни ўрнига қўйишимиз лозим. Агар бундай қилмасак, ношукр бўламиз.
Яратганга ҳамдлар бўлсинки биз айнан шу неъматлар зиёда бўлган юртда яшамоқдамиз. Шукроналар бўлсинки Юртимиз тинч, оилаларимиз ҳотиржам, нозу неъматлар муҳайё, фарзандларимиз бағримизда, соғлиғимиз жойида булар бебаҳо неъматлардир. Меҳрибон Роббимиздандоимо шу неъматларни вақтида қадрига етиб, шукрини адо қилувчи бандалар сафидан қилишини сўраб қоламиз.
 
Сирдарё тумани “Абу Бакр” жоме масжиди имом-хатиби Жалолов Авазхон

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan