Бекорчилик ва бузуқлик ўчоғи

Бугун ўқувчи-ёшларнинг кўпчилиги уяли алоқа воситаларидан фойдаланмоқда, уларнинг аксарияти интернет тармоғига уланган. Бу митти матоҳ ёрдамида дунёни кафтида кўргандек кузатиш мумкин. Исталган одам интернетга кира олади. Бироқ глобал “ўргимчак тўри” даги  тузоқлардан бирига илиниб қолиш хавфи ҳам катта. Шу тариқа ҳар хил маълумотлар бола онгини  захарлаши мумкин.

Ёшлар кўп холларда интернетдан фақат кўнгилочар восита сифатида фойдаланмоқда, бу эса ташвишлидир. Улар эзгу мақсадлар қолиб фойдасиз ўйинлар, расм, мусиқа, видео ва бошқа нарсалар кўчириш, йигит ва қизларни танишуви билан овора бўлмоқдалар. Ижтимоий тармоқларда вақтни беҳудага сарфлаш, фойдасиз суҳбатлар қуриш исрофдан бошқа нарса эмас. Вақт эса бебаҳо, қайтмас ва чегараланган неъмат бўлиб, уни исроф қилиш оқиллар ишидан эмасдир. Қуръони каримнинг Аъроф сураси 31-оятида: “У (Аллоҳ) исроф қилувчиларни севмайди” – дейилган.

Шунингдек Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Беҳуда ишларни тарк этиш киши исломининг гўзаллигидандир”, дейилган. Ёшлар ўртасида кенг фойдаланилаётган “odnoklassniki.ru”, “Telegramm” ва шу каби ижтимоий тармоқлар айрим ҳолларда вақтни зое қилиш, ҳаёсизлик, тубанлик тарғиботига ҳизмат қилмоқда. Уларда ёшлар тафаккурини заифлаштиришга, онгини заҳарлашга қаратилган бузғунчи хабарлар табора кенг тарқалмоқда.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: “Банда Қиёмат куни то беш нарса хақида сўралмагунча бир қадам ҳам силжимайди:

1-умрини нимага сарфлагани,

2-ёшлигини нимага кетказгани,

3- мол-мулкини қаердан топгани

4- ва қаерга сарфлагани,

5- билган илмларига қандай амал қилгани”

Интернетда кишиларнинг шаъни, обрў-эътибори, иззат-нафсига тегадиган ёҳуд кишининг шахсий ҳаётига тегишли маълумотларни ёйиш инсон ҳақ-ҳуқуқларини бузишдир. Ўргимчак тўрида кенг тарқалган беҳаё суратлар, аҳлоқсиз фильмлар эса ёшларнинг онги ва тафаккури, хулқ-одоби ва тарбиясига жиддий салбий таъсир кўрсатиб,  бузуқ ишлар томон чорлайди. Ҳадиси шарифда: “Бирор бир қавмнинг ичида фахш зоҳир бўларкан, унинг сабабидан қавм лаънатга учрайди ҳамда уларда олдинги умматларда бўлмаган касалликлар ва ўлатлар тарқалади” – дейилган. Ушбу ҳадисда бузуқлик, беҳаёлик жамиятдан барака кўтарилишига, ота-боболар кўрмаган, бедаво касалликлар пайдо бўлишига сабаб бўлиши баён этилмоқда.  

Ҳикматлардан бирида беҳаё манзараларга назар солишнинг оқибатлари тўғрисида шундай дейилган: “Кўз билан қилинган гуноҳнинг қалбга таъсири катта. Чунки кўз қалб билан боғлиқдир”.

2006 йилда интернет ва уяли алоқа воситаси болалар ва ўсмирлар келажаги учун ўта хавфли воситалар деб тан олингани барчамизни хушёр тортиши керак.

Сархатсиз интернет дунёсига кирган шахс вақт, умр ғанимат эканини доимо ёдида сақлаши лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён бўлиб, унда инсон адашиб соатлаб кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.

Ёшларимиз – келажагимиз, уларга берадиган ва қолдирадиган энг яхши меросимиз чиройли хулқ, таълим-тарбиядир. Аллоҳ барчамизни интернет тармоғи, уяли алоқа воситалари ва бошқа замонавий ахборот воситаларидан фақат яхшилик йўлида фойдаланишни насиб айласин!

Абдуқодир Алиқулов

Боёвут тумани «Ҳазрати Ҳизр» жоме масжиди имом-ноиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan