Улуғ ва шарафли ибодат

Мана бир неча йилдирки, жонажон юртимиздан ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келмоқдалар. Давлатимиз томонидан зиёратчиларимиз хотиржам ибодат қилишлари учун йилдан-йилга шарт-шароитлар яхшиланиб борилмоқда. Бу йил зиёратчиларимиз Макка шаҳрининг “Азизия” даҳасидаги кўркам, 23 қавати, ҳашаматли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилишди. Сирдарё вилоятидан 204 нафар юртдошларимиз муддас ҳаж ибодати адо қилиб келиш бахтига муяссар бўлди.

Фиқҳий китобларда кишига ҳажни фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар лозимлиги таъкидланади. Аввало, мусулмон бўлиши, балоғат ёшида бўлиши, оқил бўлиши, тани соғ бўлиши, бориб келгунча йўл харажатларига етадиган маблағга эга бўлиши. Шу билан бирга ҳажга бориб келгунига қадар оила аҳлини уларнинг эҳтиёжларига етадиган нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Шунингдек, йўлнинг очиқ ва хавф хатарсиз бўлиши ҳам ҳажнинг фарз бўлиш шартларидандир. Аёл кишига эса, юқоридаги шартлари билан бирга эри ёки бирорта маҳрами ҳамроҳ бўлиши шарт қилинади.

Ҳажнинг фарз бўлиши ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан собит бўлган. “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир”, (Оли Имрон сураси, 97-оят). Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим. У зот: “Ислом беш нарса устига бино қилинган: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир” деб гувоҳлик бериш, намозни тўлиқ адо этиш, закот бериш, байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш” дедилар, (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Мусулмон киши ҳаж даврида одоб-ахлоққа янада кўп аҳамият қаратиш лозим. Ҳаж қилувчилар орасида турли қўпол кимсалар бўлса, уларга нисбатан ҳалим ва сабрли бўлиш, заифлар ва аёлларга ёрдам бериш ҳамда  барчага очиқ юз билан муомала қилиш ҳажнинг талабидир. Ҳаж ва умра сафарида ён атрофидагиларга азият беришдан, уларнинг кўнглини оғритишдан ўзини сақлаш керак. “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят).

Ҳаж пайтида тақвога риоя қилган инсон тилини сақлаши лозимдир. Чунки, ҳаж сафарида ўзига яраша машаққат ва қийинчиликлар бор. Баъзида инсон бошқа инсонларни ранжитадиган гапларни гапириб, уни ёки буни хафа қилади. Бу эса унинг бажараётган ибодатларига зарар етқазади, яъни савобини кетқазади. “Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар!” (Бақара, сураси 197-оят).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек (гуноҳсиз) қайтади”, деганлар. Яна шу нарсани ҳам доимо ёдда тутишимиз лозимки, бу муборак сафарнинг бандасига қачон Аллоҳ таоло хоҳласагина насиб этади ва ҳамма йўллар ўз-ўзидан очилиб кетаверади. Аммо чақирмаган бўлса, бандасининг хоҳлагани эмас, балки Аллоҳнинг хоҳиши бўлади.

Аллоҳга шукурки, бугунги кунда маҳалламиз ичида ҳаж ибодатини бажариб келган кўплаб ҳожи оталаримиз ва ҳожи оналаримиз бор. Ҳаж қилувчининг яхши ҳолатга ўзгариши қилган ҳаж ибодати қабул бўлганлиги аломатидир. “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” деганлар, Пайғамбаримиз (алайҳис-салом).

Ҳожи мақомига эришган ҳожи оталаримиз ва ҳожи оналаримиз ўзларининг гўзал одоби билан бошқаларга ибрат бўлишлари, ёшларимизни имон-эътиқодли, халқсевар, оиласи, махалласи ва ватанига содиқ этиб тарбиялашда фаол иштирок этишлари лозим. Айни вақтда, ён-атрофидагиларга ҳанафий мазҳабимизга, миллий қадриятларимизга, урф-одатларимизга тўғри келмайдиган диний талабларни тарғиб этиш, риё ва ман-манликка берилиб, ҳаж амалини бажариш орқали эришган мақомга путур етказиб қўйиш мумкин эканини унутмаслик даркор. Ҳаж ибодатининг замирида тинчлик ва ҳамжиҳатлик ғояси мужассам. Бутун дунё мусулмонлари бир маконда йиғилиб, яратганга жам бўлган ҳолда ибодатлар қиладилар. Демак, ҳаж ибодати мўмин-мусулмонларни тинчлик, осойишталик ва эзгулик йўлида ҳамкор бўлишлари лозимлигини ҳам англатади.

Яқинда мамлакатимизга янги сотиб олинган энг замонавий “Боинг” самолётлари ҳам ҳожиларимизнинг хизматида бўлди. Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан умра  ва ҳаж кувотаси кўпайтирилди ва  бу йил 7000 дан зиёд киши ҳаж сафарига борди. Юртдошларимизнинг Саудия Арабистонидаги сафарлари давомида машаққатларини енгил қилиш ва уларга қулай шароитлар яратиш учун малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ, юқори малакали тиббиёт ходимлари ва ошпазлар гуруҳи, тажрибали имом-хатиблардан саралаб олинган гуруҳ раҳбарлари зиёратчиларимизга хизматда бўлиб, уларнинг дуоларини олишди. Макка ва Мадина шаҳарларидаги ижарага олинган янги, замонавий меҳмонхоналарда уч маҳал овқат, кеча-кундуз ишловчи тиббий хизмат, беморлар учун шифохоналар ташкил қилинди. Зиёратчиларни “Ҳарами шариф”га қатнашлари учун узлуксиз автобус ҳаракати йўлга қўйилди. Юқорида зикр қилинганларнинг бари мустақил юртимизнинг Раҳбарининг муқаддас Ислом динимизга бўлган юксак эҳтироми, мусулмонларимизга кўрсатиб келган иззат-ҳурматининг маҳсулидир.

Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур, гуноҳларини мағфират айлаб, онадан янги туғилган гўдак каби гуноҳлардан мусаффо бўлиш бахтига муяссар айлаган бўлсин!                                           

Аминжон Исмоилов

Сирдарё тумани бош имоми ва

“Янги ҳаёт” жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan