Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, энг улуғ ва энг азиз байрамларимиз – Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги ҳамда муборак Қурбон хайитларини хурсандчиликда ва тинчликда кутиб олдик. Бу хурсандчилик бошқаларидан фарқли ўлароқ бир кунда нишонлангани янада файзлироқ бўлди. Ўтган 26 йил давомида қилинган ишлар сархисоб қилинди, юртимиздаги ислоҳотлар, хусусан муқаддас ислом динимизга берилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар бирма бир ёдга олинди. Бундай шароитларни яратиб бераётган, кенг имкониятлар очиб бераётган ҳукуматимиз раҳбарлари ҳақларига дуои хайрлар қилинди. Қурбон хайитида қилинадиган яна бир хайрли иш бу Аллоҳ йўлида бир жонлиқни сўйиб, мухтожлар ва ҳақдорларга эҳсон қилишдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят). Ушбу оятни олимларимиз қурбонликнинг вожиб эканлигига далолат қилади, деб тафсир қилишган. Ана шу ояти каримага биноан саховатпеша юртдошларимиз қурбонликлар қилиб, хайру эҳсонлар қилишади. Чунки, улар савоб талабида ва Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилиш ҳамда Расулуллоҳнинг (алайҳис-салом) муборак ҳадисларида келтирилгандек улуғ савоблар соҳиби бўлиш ниятидадир. Расулуллоҳ (саллолоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилинади:
“Қурбонликларингизни каттароқ қилинглар, чунки улар Сирот кўпригида сизларга улов бўлади” (Имом Дайламий ривояти).
Қуръони каримда Ҳаж сураси 37-оятида эса:
“Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга ҳушхабар беринг!”
Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан асосий мақсад банданинг Парвардигор амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос ва умид билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан.
Ҳудди ана шундай мақсад ва умид билан бизнинг масжидимизда ҳам шундай хайрли тадбир қилинди. Хомийлар кўмагида бир мол сўйилиб, туманимиздаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, етим ва ёши улуғ оталар ва оналарга қурбонлик гўштларидан тарқатилди. Жумладан, тумандаги “Наврўз”, “Фурқат”, “Фаровон”, “Ширин” ва “Пахтакор” МФЙ раислари билан маслаҳатлашган холда ҳар бир маҳалладан 10-15 тадан жами 68 та хонадонга 2 кг дан қурбонлик гўштлари тарқатилди. Яна масжидимиз намозхонларига аср намозидан кейин байрам дастурхони ёзилиб, қурбонлик гўштларидан таом пиширилиб эҳсон зиёфати берилди. Бундай ҳайрияларни қилишдан мақсад битта – халқимизни хурсанд қилиш, оз бўлса ҳам дилларга хурсандчилик киргизиш ва энг асосийси Яратганнинг розилигини топишдир.
Илоҳим, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон ва саховатпеша ака-укаларимиз янада кўп бўлсин!
Муроджон Мирсоатов
Сирдарё туман “Аҳмад Яссавий” масжиди имом-хатиби