Миссионерлик тўғрисида гап кетар экан, Миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланган прозелитизм тўғрисидаги баъзи маълумотлар билан танишайлик. Прозелитизим бошқа бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишига ва ўзга динни қабул қилишига қаратилган ҳаракатдир. Миссионерлик аъзолари бошқа динга эътиқод қилувчи одамга ҳеч қачон ўз динини устун қўйиб, бошқанинг динини камситишдан гап бошламайди. Балки ўз дини билан унинг дини ўртасидаги ўхшашликларга тўхталади. Масалан, Исо пайғамбар Исломда ҳам пайғамбар сифатида тан олинади, дейди. Сўнг Исо (а.с) буюклиги, Қуръоннинг бир нечта оятларида зикр этилганлигини айтиб, Инжилдаги мисоллар билан бойитади. Бундан ташқари миссионерлар ўзларини китобларида айрим Қуръони карим оятларини ҳам келтириб, мақсадлари йўлида хизмат қилдирмоқчи бўлади. Бу ҳолатни ўзбек тилида чоп қилинган китобларда ҳам кузатиш мумкин.
Миссионерлик билан шуғулланувчи секталарнинг мақсадлари кўпмиллатли жамиятимизда диний бағрикенглик, ўзаро иноқлик ва тинчликка зарар етказишдир. Тарихдан маълумки, миссионерлар худди шу йўл билан бир неча давлатларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётини издан чиқардилар. Яхлит бир халқ ва миллатни парокандаликка олиб келиб, уларни гуруҳ ва табақаларга бўлиб юбордилар. Оқибатда аҳолининг асрлар оша шаклланиб келган миллий ва диний қадриятлари оёқости бўлишига ва, ниҳоят, йўқолиб кетишига олиб келди. Масалан, Индонезияда ҳаракат қилган миссионерлар йигирма беш йил мобайнида минглаб одамларни ўз томонларига оғдириб олишди ва охир оқибат улар яшаётган Шарқий Тиморни мамлакатдан ажратишди. Худди шундай ғаразли услуб Судан мамлакатининг жанубини, яъни Дарфур вилоятини ажратиб олишда ҳам қўлланилган.
Миссионерлар Ислом аҳкомларини бузиб кўрсатиш, Қуръон оятларини бир-бирига қарама-қарши қўйиш, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини нотўғри талқин қилиш каби усуллардан фойдаланади. Афсуски, кўп ёшларнинг эътиборсизлиги, бефарқлиги уларнинг қабиҳ ниятларини амалга оширишда қўл келмоқда.
Миссионерлар ғаразли ниятларини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларидан ҳам кенг фойдаланмоқда. Миссионерлик ғояларини тарғиб қилувчи рисола, журнал ва матнлар маҳаллий тилларга таржима қилиниб, аҳоли ўртасида текин тарқатилади. Сунъий йўлдош орқали узатиладиган ўнлаб телевидение кўрсатувлари, радио каналлари, интернет саҳифалари орқали кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши натижасида дунёда миссионерлик ҳаракатлари ёйилмоқда.
Айрим юртдошларимиз даромад топиш мақсадида ўз киндик қонлари тўкилган юртдан узоқлашиб, олис ва нотаниш юртларга бормоқда. Уларнинг аксарияти айнан миссионерларнинг тузоғига тушмоқдалар. Бошқа эътиқод, бошқа менталитет вакиллари орасида яшаган ёшларимиз ўз миллий маънавиятларидан узилиб, ўзгаларнинг руҳий-маънавий таъсирига тушиб қолишмоқда. Ҳали имон-эътиқоди шаклланиб улгурмаган ёшларни бундай бузуқ ғоялардан асраш – бугунги кунимизнинг энг муҳим масалаларидан биридир.
Аминжон Исмоилов
Сирдарё туман бош имоми ва
“Янги ҳаёт” жоме масжиди имом хатиби