Гиёҳвандлик – ёмон иллат

Гиёҳвандлик инсон ҳаётининг ашаддий кушандаси ҳисобланади. Гиёҳвандликка мубтало бўлиш, айниқса, вояга етмаган ёш фарзандларимизни борган сари заҳарламоқда. Бу бало оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлмоқда. Оқибатда кўплаб оғир жиноятлар, гуноҳлар ёшлар орасида содир бўлмоқда.
Гиёҳвандлик – бу оғир хасталикдир.У ёки бу наркотик моддаларга ёки кайф берувчи моддаларга ишқибозлик ва мойиллик ҳосил қилишдир, яъни инсон ўз ихтиёри билан миясини заҳарлайди. Натижада ушбу ўта гуноҳ ва нотўғри йўлга қадам қўйган шахс ўзининг одамийлик қиёфасини йўқотади, ўзининг олийжаноб инсонийлик кўринишидан жудо бўлади. Руҳан носоғлом ҳолга келади, касб-ҳунаридан маҳрум бўлиб қолади, оқибатда жиноий ишларга қўл уради, ўғирлик қилади, ўзига ҳам бошқаларга ҳам бахтсизлик келтириб чиқаради. Парвардигорга осий бўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳидоятларидан маҳрум бўлади. Энг оғири ҳам руҳан, ҳам жисмонан инсонийлик қиёфасини йўқотади. Шуни асло унутмаслигимиз лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун, унинг кайфини синаб кўриш мақсадида, бир-икки марта истеъмол қилиш, “ҳеч нарса бўлмайди”, – деб ҳавас қилиш, ўта хавфли ва ўта ақлсизлик. Зеро, ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз ҳадиси муборакларида: “Ҳар бир кайф қилдирувчи нарса ҳамрдир, ҳар бир ҳамр ҳаромдир”, – деб огоҳлантирганлар.
Шу сабаб, келажагимиз бўлган фарзандларимизга, ўқувчи ва талабаларимизга, маҳаллалардаги ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Уларнинг тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз, қаерда, кимлар билан юрганидан, нима иш қилаётганларидан хабардор бўлишимиз даркор. Бир болага етти маҳалла ота-она, деган гап бор халқимизда, шундай экан, бола ўзимизни фарзандимизми ёки бошқаникими уларга эътиборлироқ бўлайлик. Халқимиз келажаги бўлган бу ёшларга, уларнинг тарбияларига, илм олишларига эътибор бериб, келажакда уларни халқ учун, миллат учун, Ватан учун, дини учун хизмат қиладиган бўлишларига ҳаракат қилайлик.

 

Хуршид Асланбаев
Сирдарё вилояти “Абдуқаҳҳор хожи”
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan