Силаи раҳм

Ислом инсонларни фақат яхшилик қилишга, инсонларни кўнглини кўтаришга, етимларни бошини силашга, камбағалларни ҳаққини адо қилишга, ота-онага ва қариндош уруғларга яхшилик қилишга чорлайдиган дин ҳисобланади.
Дарҳақиқат, исломда қариндошлик алоқаларини боғлаш ҳар бир мусулмон фарзанди учун жуда муҳим амаллардан ҳисобланади. Бу алоқаларни узиш эса катта гуноҳлардан саналади. Силаи раҳм қилиш хусусида Қуръони карим оятларида ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларида баён қилинган. Мўтабар диний китобларимиз ва халқ орасидаги сўзлашувларда “силаи раҳм” сўзи ишлатиб келинади. Сила сўзи луғатда “боғлаш” -“улаш” маъносини англатса, “раҳм” сўзи “бачадон”-“қорин” маъносини англатади. Ислом шариатида эса “силаи раҳм” қариндошларга боғланиш, уларга раҳм-шафқат қилиш, яхшилик қилиш, муҳтожларига ёрдам бериш, қариндош-уруғчилик вазифаларини адо этиш маъноларини билдиради. Зеро, қариндош-уруғлар бир-бирларининг қийинчиликларида, мусибат ва хурсандчиликларида бир-бирларига шерик ва елкадош бўладилар.
Лекин, минг афсуслар бўлсинки ҳозирги вақтда кўплаб оилаларда қариндошлик алоқалари рисоладагидек эмас. Қариндошлар орасида  арзимаган низолар сабаб, қариндошлар бир бирларидан силаи раҳмни узиб кетиш, ҳатто ака-ука, опа-сингил, тоға-жиян билан юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари учраб турибди.
Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ер юзида бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош уруғингиз (билан ҳам алоқангиз)ни узурсизлар. Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандур, бас уларнинг(қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир. Муҳаммад сураси 22-23- оят.
Бошқа бир оятда Аллоҳ шундай марҳамат қилади: “Яна ораларингиздаги савол жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажрашиб кетишдан сақланингиз). Албатта, Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир”. Нисо сураси 1- оят.
Пайғамбаримиз  Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдан  ҳам бу хусусда жуда кўп ҳадислар ворид бўлган. Буюк бобокалонимиз ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратлари ҳам ўзларининг китобларида қариндошлик алоқаларини боғлашлик хусусида ҳадислар ривоят қилганлар. Жумладан, биргина “Ал- адаб  ал-муфрад” (Одоблар хазинаси) китобларида 28 та хадисни келтирганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ризқининг кенг бўлишидан, орқасидан асари кўп қолишидан хурсанд бўлса, силаи-раҳм қилсин”-деганини эшитдим.
Расулуллоҳ айтадилар: “Қариндошлик риштасини узган одам жаннатга кирмайди”-дедилар. Жубайр ибн Мутъим ривояти.
Ва яна силаи раҳм ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар:  “Салом билан бўлса ҳам қариндошликни боғланглар”.
Саъид ибн Мусаййиб раҳматуллоҳи алайҳга: “Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Толҳа вафот этди”-дейишади. У зот: “Қандай вафот топди?” деб сўрайдилар. –“Уй босиб, унинг тагида қолиб кетди, бечора” деб айтишади. “Бўлиши мумкин эмас! Вайронани кавланглар” деб одамларни вайронани кавлашга буюрадилар. Дарҳақиқат, бир неча кунлик вайронани кавлаб, остидан Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Толҳани чиқариб олишганда у тирик, бирон ери синмаган ва ҳатто, шилинган жойлари ҳам йўқ эди. Саъд ибн Мусаййибдан: “Буни қаердан билдингиз”-дея ажабланиб сўрашади одамлар. Шунда У: -“Иброҳим силаи раҳмга эътиборли, қариндошлар билан яхши алоқада бўлган инсондир. Бундай инсонлар ёмон ўлим топмайдилар” –деб жавоб бердилар.

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Ким Аллоҳдан қўрқса, силаи раҳм қилган бўлса, унинг умрига умр қўшилади, моли кўпаяди, аҳли уни яхши кўради.
Маймун ибн Маҳрон айтади: “Уч нарсада кофир ва мусулмон баробардир: ким билан аҳдлашган бўлсанг, аҳдингга вафо қилгин — хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон. Албатта, аҳд Аллоҳ учундир. Орада қариндошчилик бўлса, силаи раҳм қилгин — хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон. Кимики сенга омонат берган бўлса, омонатини адо қилгин — хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон”.
Юқоридаги оят ва ҳадислардан олинадиган фойдалар:
Силаи раҳм қилиш вожиб, уни узиш гуноҳ эканлиги;
Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда силаи раҳм қилган одамдир;
Силаи раҳм ризқнинг зиёда ва умрнинг узун бўлишига сабаб бўлиши;
Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариш дуруст эмас экан.
Хулоса шуки, юқоридаги оятлар ва ҳадислардан олинадиган нарсалар, силаи раҳмнинг вожиблиги, инсонлар учун энг муҳим амаллардан бўлиб, шариатни ҳам, жамиятни ҳам мустаҳкамловчи омиллардандир. Шундай экан, энг аввал ўзимиз учун ва бошқалар учун нажот йўлини очиб берувчи силаи раҳмга бепарво бўлмайлик. Шояд, айнан, ана шу силаи раҳм туфайли нажот топгувчилардан бўлсак.

 

Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё тумани «Аҳмад Яссавий»
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan