Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Учта қизи ёки учта синглиси бўлиб, уларга гўзал эҳсонлар қилган одам, албатта жаннатга киради», дедилар».
Қизларнинг тарбияси отанинг зиммасидаги фарздир. Қиз турмушга чиққандан кейин ота бу фарздан озод бўлади. Эндиликда бу масъулият эрнинг зиммасига тушади. Отаси ва эри йўқ аёлга ака-укаси ғамхўрлик қилиши вожиб бўлади. Исломда аёл киши нафақасиз қолишига рухсат берилмаган. Муқаддас динимизда қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.
Аёл кишига илм ўрганиши эр кишилар билан баробар фарз қилинган.
Ҳанафий уламолардан Камолуддин ибн ал-Ҳумам: “Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри ишга чиқишидан ман қила олмайди”, деган. Аёл эри, оиласининг ишида ёрдам бериб ишлаши жоиз. Ўзи хоҳласа ишлайди, ҳеч ким уни мажбур қила олмайди. Нодир қобилиятли аёллар жамиятга фойдаси бўлса, ишлашлари тавсия қилинади. Аёллик латофатига ва оналик қобилиятига зарар етказадиган ишларда аёлларни ишлатишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Аллоҳ таоло аёлларимизни соғ-саломат, юксак маънавиятли, хулқ-одоби гўзал, ибо-ҳаёли бўлишини насиб айласин.
Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани «Янги Ҳаёт»
жоме масжиди имом-хатиби